Ўш мэрияси: Турк ширкати шаҳарга чиқиндини қайта ишлатувчи завод қуриб беради

389
Сурат: Ўш мэрияси

Туркиянинг Biotrend Energy компанияси Ўш шаҳрига чиқиндини қайта ишловчи завод қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўш мэриясининг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра, 23-август куни ўша вақтда Ўш мэри вазифасини бажарган, ҳозир шаҳар раҳбари Алмаз Мамбетов Шимолий Кипрнинг иқтисод ва энергетика бўйича вице-премьер министри Эрхан Арикли ва Biotrend Energy компаниясининг президенти Илхан Доган бошчилигидаги делегация билан учрашган.

Учрашувда Ўш шаҳрига инвестицияларни жалб қилиш ва икки томонлама ҳамкорлик ҳақида сўз бўлган. шунингдек, Biotrend Energy компаниясининг мутахассислари Ўш шаҳридаги чиқинди полигонини кўриб келишган.

Натижада Мамбетов ва компания президенти Илхан Доган «Ўш шаҳридаги чиқиндиларни қайта ишловчи заводни лойиҳалаш ва қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича меморандумга қўл қўйишган.

Энди компания бир ой ичида қуриладиган завод лойиҳасини кўрсатиб, унинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиши керак. Бундан ташқари, лойиҳани молиялаб, тайёргарлик кўриш, лойиҳалаш, қурилишни олиб бориш ва бошқа жараёнларни амалга ошириши керак.

«Яна бир марта сиз билан ва сизнинг жамоангиз билан учрашганимга миннатдорчилик билдираман. Ўш мэрияси Туркия давлати билан бундан кейин ҳам ҳамкорлик қилишга умид қилади», — деди Мамбетов учрашув якунида.

Сурат: Ўш мэрияси

Шу компания 23-августда Бишкек шаҳрида ўша вақтда мэр вазифасини бажарган, амалдаги шаҳар раҳбари Айбек Жунушалиев ва Инвестиция вазири Алмамбет Шикмаматов билан ҳам учрашган. Бишкек шаҳрига ҳам Ўшдагидай чиқиндини қайта ишловчи завод қуриш режалаштирилди.

Бироқ бу завод қандай ишлаши номаълум. Сабаби Ўш шаҳридаги чиқинди майдонига чиқиндилар сараланмай, ҳаммаси бир жойга тўкилади. Шаҳарда чиқиндиларни саралаб солувчи урналар ҳам йўқ.

Ўшнинг чиқинди даласи, 2018-йил. Сурат: Нуртаза Абдиев, Kloop учун.

Қурилиши ҳеч бошланмаган Ўшнинг чиқинди даласи

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 2012-йили «Ош-Тазалык» муниципал ишхонасига деярлик 11 млн евро ажратган. Унинг 6,5 млн соми полигон қуришга сарфланиши керак эди. Маблағнинг ярми насия, қолган ярми эса кредит қатори берилган.

Бироқ чиқинди полигонини қуришга тендер тўққиз йилдан бери эълон қилинмайди. Бунга шаҳар ҳукумати полигон қуришга ер тополмагани сабаб бўлган. шаҳарнинг ўзида муносиб ер бўлмаган, қўшни туманлар ер беришдан бош тортган.

2018-йили «Ош-Тазалык» муниципал ишхонаси янги чиқинди майдонини эскисини ёнига қуришга қарор қилган. Бироқ орадан уч йил ўтса ҳам полигоннинг қурилиши бошланмаган.

Ҳозир Ўш шаҳридан чиққан чиқинди шаҳардан беш километр узоқдаги полигонга олиб борилади. У 1950-йилларда қурилиб, майдони 50 гектардан ошади, 23 гектари бўш. Ҳар куни Ўшдан полигонга тахминан 160 оғир юк машинаси чиқинди олиб боради.

Мазкур полигондан бир чақирим узоқда Жапалак қишлоқ ҳукумати жойлашган. Маҳаллий турғунлар полигондан атроф-муҳит зарарлангани ва соғлиғи ёмонлашаётганидан шикоят қилишади.

Жорий йилнинг 26-июлида турғунлар кучли иссиқдан ёнаётган чиқиндининг тутуни қишлоқни қоплаётганидан норози бўлиб акцияга йиғилишган.

Улар олов бир ҳафтадан бери ўчмагани учун касаллик юқтириб олишдан хавотирланишганини айтишган. Шу сабаб чиқинди майдонини бошқа жойга кўчиришни талаб қилишган.

Шунда «Ош-Тазалык» етакчиси Нурбек Исмаилов янги полигоннинг қурилиши 2021-йилнинг охирида бошланади деб ваъда берган. Бироқ ваъда ортидан ваъда берган Исмаилов ҳукуматнинг «Ата-Журт Кыргызстан» партиясидан шаҳар кенгашига депутат бўлди.

Biotrend Energy ҳақида

Biotrend Energy — Doğanlar Holding компаниясининг филиал компанияси. Мэриядан билдиришларича, у 2017-йили тузилган, ҳозирда ишлаётган 13 заводи бор.

Doğanlar Holding 1980-йили Туркияда тузилган. Компания ўзининг филиал компаниялари орқали чиқиндиларни қайта ишлашга, Туркия ҳудудидаги кўмир савдосига ва иссиқлик ишлаб чиқаришга сармоя киритади. Шунингдек, филиал компанияларига ва бизнес-ҳамкорларига ўз фаолиятини ривожлантиришга ёрдам беради.