Ўш шаҳрининг собиқ мэри Таалайбек Сарибашов 25-августда шаҳардаги Remi ресторанида «чой» берди. Унга шаҳар фаоллари, депутатлар, мэриянинг ходимлари ва ҳозирда мэр вазифасини бажарган Алмаз Мамбетов* келди.
*Мамбетов 26-августда Ўш шаҳар кенгашининг депутатларини қўллови билан мэр бўлиб сайланди.
Сарибашов даврида мэриянинг матбуот котиби бўлган Азамат Абсаттаров бу тадбирдан «сиёсат изламасликка» чақирди. Унинг айтишича, собиқ мэр чойни анъанага мувофиқ ҳамкасбларига миннатдорчилик билдириш учун берган.
«Бир жойда ишлагандан кейин кетаётганда индамай кетиб қолмасдан албатта чой бериб қўйиш керак», — деди Абсаттаров.
«Ижтимоий тармоқлардаги танқидларни нотўғри деб ҳисоблаймиз»
Тадбирда Сарибашов сўз олиб, мэрликка номзод Алмаз Мамбетовга муваффақият тилади. Сарибашов «Мамбетов яхши дастури билан шаҳарни ривожлантираман деб келди» дейди.
«Мен бизни халқимиз уни қўллаб турса, биз бошлаган ишларни охирига етказиб, ўзининг ҳам яхши мақсадлари билан шаҳарнинг ривожига ҳисса қўшади деган ишончдаман», — деди у.
Шунингдек, Сарибашов халқни бирдамликка ва президент Садир Жапаровнинг «сиёсатини қўллашга» чақирди.
«Давлатни кўз қорачиғидай асраб, баримиз президентни қўллаб, ўз ишимизни яхши бажарсак, ўлкада ривожланиш бўлади деб ўйлайман», — деди собиқ мэр.
Алмаз Мамбетов сўзлаётиб Сарибашовга «шаҳарни менга ўтказиб беряпсизлар, энди ишингизни давом эттириб, шаҳарни ривожлантирамиз» деди.
«Мэр вазифасини бажарувчи бўлиб келганимга 20 кундан ортиқ бўлса ҳам эл билан, ер билан, Таалайбек Насирбековичнинг қилган ишлари билан танишиб қувондим. Мен ўйлайманки, буёғига яна 1 йил ишлайманми, 4 йил ишлайманми шаҳар учун курашиб, унинг ривожига ўз билимимни сарфлаб, қўлимдан нима келса, шуни қилишга тайёрман», — деди у.
Унинг бу сўзлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қарама-қаши фикрларга сабаб бўлди. Сабаби мэрни Ўш шаҳар кенгашининг депутатлари сайлайди, кейин қарорни президент тасдиқлайди. Мэрлик бир-бирига ўтказиб берадиган лавозим эмас.
Фаол Гулгаки Мамасалиева ўзининг фейсбук саҳифасига «Мамбетов матбуот анжумани ўтказганда “бари қонун бўйича бўлади” деб ваъда берган эди, бугунги ўтириш сўзига мос келмади» деб ёзди.
Бироқ Азамат Абсаттаров «Клооп»га «ижтимоий тармоқлардаги танқидларни нотўғри деб ҳисоблаймиз» деб билдирди. Шунингдек, у «агар сайловдан олдин овоз сотиб олиш бўлганда чойни Сарибашов эмас, Мамбетов берарди» деди.
«Мамбетов Сарибашовнинг ишларини давом эттиради»
Алмаз Мамбетов вақтинча Ўш шаҳар мэри вазифасини бажарувчи бўлиб 2-августда тайинланган. Мамбетов бу хизматни унга президент Садир Жапаров таклиф қилганини билдирган.
Сайловга Мамбетов ягона номзод бўлиб кўрсатилган — шаҳар кенгашининг кўпчилик коалицияси ҳам, Министрлар кабинетининг раиси Улукбек Марипов ҳам унинг номзодини таклиф қилган. Собиқ мэр Таалайбек Сарибашов Мамбетовнинг номзодини қўллашини сайловга бир кун қолганда очиқ айтди.
Шаҳардаги таниқли Tez Kabar ютуб канали Мамбетовни Сарибашовнинг кечасида тасвирга олинган видеони «Ўшнинг собиқ мэри Сарибашовнинг ишларини ҳозирги мэр Мамбетов давом эттиради» деган ном билан жойлади. Шу сабаб Мамбетов Сарибашовнинг «меросхўрими» деган савол туғилмай қолмайди.
26-августда Ўш шаҳар кенгаши ягона номзод Алмаз Мамбетовни мэр қилиб сайлади. Уни 43 депутат қўллаб, иккиси барига қарши овоз берди. Овоз бериш якунланиб, қарор қабул қилингандан кейин айрим депутатлар Мамбетовга бош кийим кийдириб, гул бери,б мэр бўлиши билан қутлашди.