Урмат Самаев Токмок шаҳрига мэр бўлиб сайланди

360

Парламентнинг собиқ депутати, «Чемпион» лақаби билан танилган Урмат Самаев Тоқмоқ шаҳрига мэр бўлиб сайланди. Тоқмоқнинг собиқ мэри Канат Исаевнинг «Кыргызстан» партиясидан кўрсатилган номзодни шаҳар кенгашининг 19 депутати қўллади. Қолган 11 депутат иккинчи номзод Кубатбек ўғли Азатга овоз берди.

Самаев олдин ҳам Тоқмоқ шаҳрининг мэри бўлишга ҳаракат қилган, 2012-йилдан 2015-йилгача Тоқмоқ шаҳар кенгашининг депутати бўлган.

Самаевнинг номи бир неча шов-шувли ишларда тилга олинган. 2020-йилнинг октябрдаги сиёсий инқироз вақтида депутат Аида Касималиева Самаев уни Садир Жапаровни қўлламагани учун қўрқитганини айтган. Унда Самаев парламентдаги ҳамкасби ёлғон гапираётганини таъкидлаган.

2019-йили январда Тоқмоқ шаҳрига яқин жойдаги ёқилғи моддаси ташиган қонунбузарларнинг отишувида ҳам Самаевнинг номи айтилган. Собиқ депутатнинг позицияси тез-тез алмашиб турган — отишув бўлган куни у Тоқмоқда эмас, Кеминда юрганини айтган, кейин Тоқмоқ шаҳрида бўлганини тан олган. Бу воқеада жабрланганларнинг бири унга Дастан исмли Жогорку Кенешнинг «Чемпион» лақаби бор депутатининг қариндоши ўқ отганини билдирган.

«Мен Чон-Кеминда эдим. ОАВ мен ҳақимда ёзаётганини менга қўнғироқ қилиб айтишди, бироқ ўзим ўқимадим. Менга қизиқ эмас. Ҳеч қандай алоқам йўқ», — деб билдирган у «Акипресс»га.

Кейинчалик депутат отишув вақтида Тоқмоқда бўлганини ва «тарафдорларини яраштирганини» тан олган, отишувнинг иштирокчиси Аскат Усўнов президент Сооронбай Жээнбековга мурожаат қилиб, «ёрдам сўраб, депутат Самаевдан ҳимоя қилишни» илтимос қилган.

Шундай ўтмиши бўлишига қарамай, шу йилнинг июнь ойида, отишувдан кўп ўтмай, Самаев парламентнинг ҳуқуқ тартиби, жиноятчилик билан курашиш ва коррупцияга қарши ҳаракат бўйича қўмита раисининг ўринбосари бўлиб тайинланган.