Бишкек шаҳар суди Тўрўбай Зулпукаровни қамоқда қолдирди

401
Тўрўбай Зулпукаров

Бишкек шаҳар суди 24-августда депутат Тўрўбай Зулпукаровнинг эҳтиёт чорасини ўзгартиришсиз қолдирди. У 30-сентябргача МХДҚнинг тергов қамоғида қолади.

«Кактус» нашри Зулпукаров суд мажлисига онлайн қатнашганини ёзди. Бу орада Бишкек шаҳар суди олдида Зулпукаровнинг ўнлаган тарафдорлари йиғилиб, депутатни бўшатишни талаб қилишди.

Улар «Зулпукаровга эркинлик» ва «Сиёсий таъқибга йўл йўқ» деган транспарантларни кўтариб чиқишди.

Бунгача Биринчи май туман суди «Қумтўр иши» асосида қўлга олинган Зулпукаров ва Асилбек Жээнбековни қамоқда қолдириш қарорини қабул қилишди.

«Қумтўр иши»

МХДҚ раиси Камчибек Ташиев Жогорку Кенешнинг 17 майда Қумтўр конига боғлиқ тўрт судгача текширув иши очилганини маълум қилган.

Махсус хизмат «Қумтўр иши» бўйича собиқ премьер-министрлар Мухаммедкалий Абилгазиев, Ўмурбек Бабанов ва Темир Сариев, собиқ вице-премьерлер Тайирбек Сарпашев, Алмазбек Баатирбеков, депутатлар Асилбек Жээнбеков, Тўрўбай Зулпукаров, собиқ депутатлар Исхак Пирматов, Талантбек Узакбаев, президент аппаратининг собиқ етакчиси Данияр Наримбаев ва «Кыргызпатент»нинг собиқ бошчиси Динара Молдошевани қўлга олган.

Қўлга олинганлар орасидан Сарпашев, Пирматов, Молдошева ва Абилгазиев тергов қамоғидан чиқарилган. Ўмурбек Бабанов чет ўлкада даволаниш учун Қирғизистондан чиқиб кетди. Биринчи май туман суди собиқ депутат Талантбек Узакбаевни «Коррупция»да айбдор деб топилиб, 300 минг сом жарима солган.

Бундан ташқари, махсус хизмат Қирғизистоннинг қочқин президентлари Курманбек Бакиев билан Аскар Акаевни қидирувга берган. Шунингдек қидирув Бакиевнинг ўғли Максимга ва конни ишлатиш шартномаларига алоқаси бор собиқ амалдорларга эълон қилинган.

2-августда Аскар Акаев Қирғизистонга келиб, МХДҚда сўроқ берган. Собиқ президент сўроқдан чиқиб, «Қумтўр» масаласи бўйича кўрсатма бериш учун бир ҳафтага келганини, иш билан эндигина танишаётганини айтган.

Кейинчалик Акаев Қумтўрдаги олтинни ишлаб чиқарган канадалик Centerra Gold Inc. билан шартнома тузилаётганда у ҳукуматнинг ҳаракатларини назорат қилмагани учун кечирим сўраган. Депутат Дастан Бекешев собиқ президентнинг сўзларига изоҳ бериб, Қумтўр бўйича жавобгарликни «марҳумга ортиш осон» деган.