Бишкекнинг Свердлов туман суди ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг ўлими бўйича тергов ишини тўхтатилишини ноқонуний ва асоссиз деб топди. Бу ҳақда 23-августда Олий суднинг матбуот хизмати билдирди.
«Суд ЖИДХнинг терговчиси Азимжон Асқаровнинг ўлим факти бўйича қўзғалган жиноий ишни тўхтатиш ҳақидаги қарорига қарши берилган ҳимояланувчи томоннинг аризасини қаноатлантирди. Шу сабаб терговчининг қарори ноқонуний ва асоссиз деб топилди. Судья терговни гувоҳларнинг йўқлиги ёки келмагани сабаб сўроқ қилиш мумкин эмас деган баҳонасини ишончли эмас деб топди», — деди адвокат Айдар Сидиков.
Унинг айтишича, бу ишни ЖИДҚ текширади. Бироқ адвокатлар ишни МХДҚга ўтказишни талаб қилади, сабаби ЖИДҚ жиноий ишни тўхтатишдан манфаатдор.
Асқаровнинг ўлими
Азимжон Асқаров 2010 йилдаги миллатлар аро можаро бўйича бир неча моддалар бўйича судланиб, умрбод озодликдан маҳрум қилинган. У 2020 йили 25 июлда Бишкекдаги №47 ахлоқ тузатиш қамоғида вафот этган.
Асқаров 69 ёшда бўлган, ўлими олдидан соғлиғи анча ёмонлашган. Асқаровнинг ўлимига икки томонлама пневмония вақтида кучайган ўткир нафас етишмовчилиги сабаб бўлган.
Адвокат ҳуқуқ ҳимоячисини касалхонага ётқизишни талаб қилишига қарамай, ҳукумат Асқаровни ЖИДҚнинг марказий касалхонаси жойлашган 47-колонияга ўтказиш билан чекланган. ЖИДҚнинг маълумотига кўра, Асқаровнинг ўзи шифохонага ётишдан бош тортган.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг ўлим факти бўйича судгача текширув бошланган. Кейин ЖИДҚнинг терговчиси жиноят аломатлари йўқлиги сабаб ишни тўхтатган.
«Бир дунё Қирғизистон” ва адвокатлар Айдар Сидиков билан Бакитбек Автандил ўғли терговчининг қарори ноқонуний эканини айтиб, Свердлов туман судига апелляция аризасини йўллаган. Бироқ 1 июнда туман суди ҳам ишни текширишни тўхтатиш қарорини қабул қилган — адвокатларнинг апелляция бериш муддати тугаган. Шундан сўнг ҳуқуқ ҳимоячилари бу қарор устидан Бишкек шаҳар судига шикоят қилган.
Июль ойининг охирида Бишкек шаҳар суди Свердлов туман судининг ахлоқ тузатиш колониясида ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг вафот этиши бўйича жиноий ишини қисқартириш қарорини бекор қилди.
«Энди жиноий иш Свердлов туман судида қайта кўрилади. Биз шаҳар судининг қарорини тўлиқ қўллаймиз. «Бир дунё Қирғизистон» ва юристлар Азимжон Асқаровнинг ўлими пухта ва сифатли текширилиши учун курашни давом эттиради», — деб билдирган шунда «Бир дунё Қирғизистон» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг координатори Аида Байжуманова.
Бунгача «Бир дунё» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон жанубидаги 2010 йилнинг июнь воқеаларига боғлиқ президент Садир Жапаровга мурожаат қилган. Улар Асқаровнинг ўлимини ЖЎДХ текшираётганини манфаатларнинг тўқнашуви деб атаб, муассаса мустақил, комиссиявий экспертиза ўтказишдан бош тортганини таъкидлашган.
Асқаров ким эди?
Азимжон Асқаров — Қирғизистон жанубидаги ҳуқуқ ҳимоячиси — умрининг 10 йилини қамоқда ўтирган. Уни 2010 йилнинг 15 июнида Қирғизистон жанубидаги миллатлар аро можаро вақтида қўлга олишган.
Ҳуқуқ ҳимоячисига «тартибсизлик уюштириш», «миллатлар аро нафратни қўзғатиш» ва «одам ўлдиришда иштирок этиш» бўйича айблар қўйилган. 2010 йил охирида суд Асқаровни умрбод панжара ортига қамаган, бироқ ҳуқуқ ҳимоячиси айбини тан олмаган.
Азимжон Асқаровнинг иши бўйича бир қанча қарама-қаршиликлар кузатилган — ҳуқуқ ҳимоячиси асосан милициянинг кўрсатмаси сабаб судланган. Бундан ташқари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Асқаров қийноққа олинганини ва ҳуқуқ ҳимоячисига қарши суд иши адолатсиз бўлганини айтган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Асқаровга нисбатан таъқибни у милиция томонидан қилинган қийноқ фактларини текширувга олгани билан боғлаган.
2016 йили БМТнинг қўмитаси қирғиз ҳукуматидан Асқаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, қамоқдан озод қилишни талаб қилган, бироқ ҳукумат буни амалга оширмаган. Судда унинг иши қайта кўриб чиқилгани билан ҳукм ўзгармаган.