«10 млн сом ва Toyota RAV4». Спортчилар ва мураббийларга қандай мукофотлар берилди?

353
Сурат: Президентнинг матбуот хизмати

«Ала-Арча» давлат резиденциясида 23-августда Олимпиада ўйинларига қатнашган спортчиларни ва уларнинг мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирга президент Садир Жапаров қатнашди.

Биринчилардан бўлиб Олимпиадада қизлар орасида кураш бўйича кумуш медаль олган Айсулуу Тинибекова тақдирланди — унга иккинчи даражадаги «Манас» ордени ва 10 млн сом берилди. Шунингдек Тинибековага давлат раҳбари номидан Toyota RAV4 русумидаги машина совға қилинди.

«Кумуш медалимни ўлкамизнинг 30 йиллигига бағишлайман. Худо соғлиқ берса, Парижда бўладиган Олимп ўйинларига қатнашаман [...] Олимпиада ўйинларида олтин медаль олиш учун бор кучимни сарфлайман!» — деди Тинибекова.

Шунингдек, мукофотларга грек-рим кураши бўйича кумуш медаль олган Акжол Махмудов ҳам эга бўлди. Спортчига иккинчи даражадаги «Манас» ордени, 10 млн сом ва Toyota RAV4 русумидаги машина берилди.

«Бизнинг юртимиз ривожлансин, Худо хоҳласа келаси Олимпиадага бундан ҳам яхши шароит яратилсин. Ёшларимиз ҳам яхши муваффақиятларга эришиб келмоқда. Мен ўйлайманки, кейинги Олимпиадада биз учун тарихдаги биринчи олтин келади. Шунингдек, бу Олимпиадага шароитлар бундан ҳам яхши бўлишига тилакдошман, юртимиз гуллаб-яшнасин», — деди Махмудов.

Аёллар орасида кураш бўйича бронза медалининг эгаси Мээрим Жуманазаровага 7 млн сом ва Toyota RAV4 русумидаги машина ва учинчи даражадаги «Манас» ордени берилди.

«Қирғизистоннинг спорт бўйича жаҳон аренасида олдинга силжишида оз бўлса ҳам ҳисса қўшганимдан хурсандман [...] Қирғиз халқимга, мухлисларимга раҳмат айтмоқчиман. Қирғиз халқимнинг бирдамлиги, улуғлиги бизни толиқмай меҳнат қилишга ундайди», — деди Жуманазарова.

Шунингдек, иккинчи даражадаги «Манас» ордени билан аёллар орасидаги кураш бўйича миллий терма жамоанинг бош мураббийи Нурбек Изабеков ва Шерали Сидиков номидаги республика спорт коллежининг грек-рим кураши бўлимининг ўқитувчи-мураббийи Мейрамбек Ахметов тақдирланди. Бундан ташқари, Изабековга 8 млн 150 минг сом, Ахметовга эса 2 млн 500 минг сом берилди.

Грек-рим кураши бўйича миллий терма жамоасининг бош мураббийи Азат Эркимбаевга учинчи даражадаги «Манас» ордени ва 3 млн 300 минг сомлик сертификат берилди.

Яна кимлар тақдирланди?

Олимпиадага қатнашган айрим спортчилар ва уларнинг мураббийлари «Данк» медалини олишди. Шунингдек, президент Жапаров уларга пул мукофотларини топширди.

  • Қизлар орасида кураш бўйича миллий терма жамоасининг катта мураббийи Байгази Кенжебаев — 4 млн 500 минг сом;
  • Грек-рим кураши бўйича миллий терма жамоасининг катта мураббийи Улукбек Карачолоков — 2 млн 750 минг сом;
  • Аёллар орасида кураш бўйича бешинчи ўринни олган Айпери Медет қизи — 1 млн сом;
  • Бишкек шаҳридаги тиббий-консультация хизмат кўрсатиш ва спорт тиббиёт марказининг шифокори Бактигул Алишева — 1 млн 500 минг сом;
  • Оғир атлетика бўйича олтинчи ўринни олган Бекдоолот Расулбеков — 1 млн сом;
  • Грек-рим кураши бўйича еттинчи ўринни олган Жоламан Шаршенбеков — 1 млн сом;
  • Оғир атлетика бўйича миллий терма жамоанинг катта мураббийи Ўмуржан Молдодосов — 500 минг сом;
  • Сузиш бўйича миллий жамоанинг аъзоси Денис Петрашов.

Қолган спортчилар, мураббийлар ва ташкилий қўмитанинг аъзоларига фахрий ёрлиқлар берилди.

Токио олимпиадасига Қирғизистондан 17 спортчи борган. Улар икки кумуш ва бир бронза билан қайтишди. Қирғизистон медаллар ҳисоби бўйича 70чи ўринни эгаллади. Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон бошқа Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлардан олдинга чиқди.