Иссиқкўл: Икки йўл транспорт ҳалокатидан уч киши ҳалок бўлиб, 13 киши жабрланди

239

Иссиқкўл вилоятидаги Балиқчи — Ананьево — Қоракўл йўлида 15-16 августда содир бўлган икки йўл ҳалокати сабаб уч киши ҳалок бўлиб, 13 киши жароҳатланди.

Биринчи авария 15-август соат 15:00 атрофида бўлган. унда Honda Odyssey машинасини бошқариб кетаётган 54 ёшдаги одам шу йўлнинг Тору-Айгир ва Чирпикти қишлоқлари орасида рулни бошқаролмай йўлдан чиқиб кетиб ағдарилиб кетган.

Натижада 80 ёшдаги йўловчи ҳалок бўлган — у Жалолобод вилоятининг турғуни. Ҳайдовчининг ўзи, олти, 23, 30 ва 46 ёшдаги йўловчилар Балиқчи шаҳридаги касалхонага мурожаат қилишган.

Сурат: Turmush

Иккинчи ҳалокат 16-августга ўтар кечаси тунги соат 00:47 атрофида Балиқчи — Ананьево — Қоракўл йўлининг Корумду қишлоғи ҳудудида бўлган. бу ҳақда ФҲВ билдирди.

Унда Subaru Forester, Аudi A6 ва Mazda-626 русумидаги машиналар тўқнашиб, 20 ёшдаги қиз ва 31 ёшли киши касалхонада вафот этган. Беш аёл ва уч эркак турли жароҳатлар билан Чолпон-Ота шаҳар касалхонасига етказилган.

Сурат: ФҲВ

Расмий маълумот бўйича 2021-йилнинг олти ойида 3 396 йўл ҳалокати содир бўлиб, 329 киши ҳалок бўлди. Шу сабаб президент Садир Жапаров 14-июнда ИИВга йўл-транспорт ҳалокатларини олдини олиш бўйича чоралар копмплексини кучайтиришни топширган.