Қирғизистонда пандемия шароитида Мустақиллик кунига бағишланган 40дан ортиқ тадбир ўтади

210

Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Кайрат Иманалиев «Биринчи радио»нинг 16 августдаги эшиттиришида ўлка мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ҳукуматнинг режалари ҳақида айтиб берди. Унинг айтишича, 31 август мустақиллик кунида ўлка бўйича 40дан ортиқ тадбирларни ўтказиш режалаштирилмоқда.

Аввалроқ министрлар кабинетининг бошчиси Улукбек Марипов режалаштирилган тадбирнинг бари «эпидемиологик талабларни ҳисобга олиш билан» ўтказилиши кераклигини таъкидлаган.

Қандай тадбирлар режалаштирилган?

Иманалиевнинг айтишича, 31 августда Бишкекдаги Ала-Тоо майдонида ҳарбийларнинг ва ишчиларнинг паради бўлади. Бундан ташқари, эстрада хонандалари иштирокида концерт бўлади. Концертда қирғиз-қозоқ тўкма оқинларининг айтишуви бўлиши кутилмоқда.

Вилоятларда театрлаштирилган спектакль, концерт, тўкма оқинларининг айтишуви, расмлар кўргазмаси, дизайнерлар билан ҳунармандларнинг ҳамда «Манас»чиларнинг фестивали ўтказилади.

29 августда Таласда «Манас Ордо» комплексида Манас эпосига бағишланган тарихий тадбир ўтказилади.

«Тарихий аспектларнигина эмас, ўлка мустақиллигининг 30 йиллик йўлини муҳокама қиламиз. Нимага эришдик, қандай хатолар бўлди, қаерга қараб кетяпмиз. Тадбир давомида шуларнинг барчаси муҳокама қилинади [...] Президентнинг иштироки ҳам кутилмоқда», — деб таъкидлади у.

Шунингдек, 31 августда Ўш шаҳрида Алимбек Датканинг 220 ва Курманжан Датканын 210 йиллиги нишонланади. Иссиқкўлда эса 21 августда Жусуп Абдрахманов, Касим Тинистанов ва Кусейин Карасаевнинг 120 йиллиги ўтказилади.

Вазирнинг айтишича, кузда Баткен вилоятида Исхак Раззаковнинг 110 йиллигини нишонлаш режалаштирилган. Августда чегара можаросида ва сел оқибатида бузилган уйларнинг ва биноларнинг очилиши ўтказилади.

Норинда оқин Тоголок Молдонинг 160 йиллигига бағишланган манасчиларнинг танлови ўтказилади. Чуй вилоятида этник миллатлар учун «Кыргызстан — менин мекеним» фестивали ўтказилади.

Жалолобод вилоятида ҳунармандлар фестивали бўлади.

«Буларнинг бари 31 августда тугатилади. Кузда ўқув юртларида турли конференциялар билан очиқ дарслар ўтиб, йил охиригача Қирғизистоннинг 30 йиллиги муносабати билан ҳар бир вазирликда тадбирлар ўтказиш топширилди», — деб таъкидлади Иманалиев.

Бу тадбирларга давлат бюджетидан қанча маблағ сарфланишини вазирлик маълум қилмади. Режалаштирилган харажатнинг миқдори ҳақида минкаб маълумот бермаган.

Ҳукумат мустақиллик байрамини 2021 йилнинг июнь ойи ўртасида эълон қилган коронавируснинг учинчи тўлқинига қарамай нишонлашга қарор қилган. Ўтган йили коронавирус сабаб мустақилликнинг 29 йиллигига бағишланган барча оммавий тадбирларни тақиқлаган. Биргина Бишкекдаги Ала-Тоо майдонида нишонланиб, ўша вақтдаги давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков қирғизистонликларга мурожаат қилган. Тадбир онлайн форматда ўтиб, барча республика телеканаллари орқали намойиш қилинган.

16 августдаги маълумот бўйича, Қирғизистонда пандемия бошлангандан бери 137 327 COVID-19 юқтирган бемор аниқланган. Коронавирус ўлимга олиб келган ҳолат умумий 2 451.