Ўш вилояти етакчисининг ўринбосари тайинланди

322
Сурат: Президентнинг Ўш вилоятидаги вакиллигининг матбуот хизмати

Президентнинг Ўш вилоятидаги вакилининг ўринбосари бўлиб Данияр Жаникулов тайинланди. Бу ҳақда «Клооп»га вакилликнинг матбуот ткотиби Эрмек Муратбек ўғли билдирди.

Маълумотга кўра, Жаникулов 10-августда жамоатчиликка таништирилди.

Данияр Жаникулов — 41 ёшда. У олдин «Альянс-Алтын» компаниясида жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг бошчиси бўлиб ишлаган. Ишни эса 2001-йили КТРКнинг «Ала-Тоо» дастурида мухбирликдан бошлаган.

Бундан ташқари, ЭлТР МТРКда бош продюсер, Маданият ва ахборот вазирлигида матбуот котиби, кейин вазирнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Жаникулов 2011-йилдан 2014-йилгача «Ата-Журт» сиёсий партиясида раис ўринбосари бўлган.

Олдин Ўш вилояти раҳбарининг ўринбосари Ахмаджан Мухаммадов эди. У 2-августда Ўш вилоят статистика бошқармасига етакчи бўлиб тайинлангани сабаб хизматни топширган.

Президентнинг Ўш вилоятидаги мухтор вакили Зиядин Жамалдинов ҳисобланади. У 22-июлда тайинланган. Жамалдинов парламентнинг олтинчи чақирилишга 2015-йили «Онугуу-Прогресс» партиясидан депутат бўлиб келган. Мандатини ўтган йилнинг октябрида натижаси бекор қилинган парламент сайловига қатнашиш учун топширган. У сайловга «Бутун-Кыргызстан» партияси билан келган.