«Қумтўр учун кечирим сўрайман». Асқар Ақаев Москвага учиб кетди

246

Қирғизистоннинг қочқин президенти Аскар Ақаев қирғизистонликларга мурожаат қилиб, Қумтўр атрофидаги воқеалар сабаб кечирим сўради. Акаев орадан 16 йил ўтгандан кейин Қирғизистонга қайтиб келишига нима сабаб бўлганини ҳам айтди.

«Мен суд, жиноий жавобгарликка тортилиб, қидирув эълон қилинишига қарамай, «Қумтўр иши» бўйича кўрсатма бериш учун келдим. Қирғизистонга келган биринчи кундан бошлаб ҳар куни терговга бориб, терговчиларга кўрсатма бердим. Жуда кўп савол берилди, жиноий ишга қўшилган кўплаган ҳужжатлар билан танишди», — деди Акаев.

Собиқ президентнинг айтишича, давлат раҳбарлигига келгандан бошлаб унинг олдида миллий валюта ва молия тизимини ўрнатиш вазифаси турган. Акаев шуларни жорий қилиш учун Қумтўр олтини керак бўлган деди. Шу сабаб ҳукумат Канаданинг «Камеко» корпорацияси билан Қумтўр конини ишлатишга шартнома тузган.

“«Қумтўр» яралганда лойиҳадан катта умид қилиб, Канада томон билан муваффақиятли, ўзаро фойдали ҳамкорликка эришдик деб ўйлаганмиз. Қирғизистон бу лойиҳада катта иқтисодий фойда кўришни кўзлаган. Бироқ ҳаммаси ҳам биз ўйлагандай бўлмади», — деди Акаев.

Қумтўр кони бўйича шартнома тузилгандан бошлаб қирғиз ҳукумати чет ўлкалик компанияга миллий манфаатларга қарши бўлган имтиёзларни берган дейди Акаев. Улар: «Камеко» корпорациясини солиқлардан ва табиий ресурслардан фойдаланиш учун тўловлардан озод қилиш ва Қумтўр конини ишлатишни тўлиқ Канадага ўтказиб бериш.

Шу сабаб Қирғизистоннинг бюджетига дивиденд ва кўплаган солиқ тўловлари тушмай қолган. Акаев буни «ҳукуматнинг ва ўзининг жиноий хатоси» эканини тан олиб, шартнома имзоланаётганда «ҳукуматга ишонганини» айтди.

Акаев 2003 йили Қумтўр лойиҳасини реструктуризациялашга йўл берилганини «энг катта хатом» деб атади. У янги шартномага кўра, Қирғизистон «Центерра» компаниясининг 40%га эгалик қиларди, бироқ натижада 30-33% улушга эга бўлиб қолганини айтди.

«Мен «Қумтўр» лойиҳаси бўйича йўл қўйган хатоларим, қирғиз халқининг умидини оқлолмаганим учун чин юракдан кечирим сўрайман. Мен томондан ҳукуматнинг ишини назорат қилиш бўлмагани канадалик инвесторларга Қумтўр конини тўлиқ назоратга олишга ва катта даромад топишга шароит яратган. Улар Қирғизистонга арзимаган дивиденд ва йил сайин кучайган экологик муаммоларни қолдиришди. Буларнинг барини ҳисобга олиб мен тергов билан ҳамкорлик қилишни давом эттираман, бироқ Қирғиз Республикасининг фуқароси ва собиқ президент сифатида ўл қўйган хатоларим учун айбимни ҳис қиляпман», — деди Акаев.

Акаев Қирғизистонга 2 августда келиб, МХДҚда сўроқ берган.  Унинг тарафдорлари Бекболот Талгарбеков собиқ президент 8 августда Москвага қайтишини билдирди.

Махсус хизмат Акаев «Қумтўр» лойиҳасидаги «Коррупция» бўйича жиноий жавобгарликка тортилганини билдирган.

Акаев 1991 йилдан бошлаб 2005 йилгача Қирғизистон президенти бўлган. У 2005 йили, «лола революцияси» деб аталган тўнтарилишдан кейин ўлкадан чиқиб кетган. Кейин у Москвада яшаб, илмий фаолият билан шуғулланган.