Бекешев Ақаевнинг Қумтўр бўйича кечиримини «масъулиятни марҳумга юклаш» деб атади

279
Дастан Бекешев / Аскар Акаев / Феликс Кулов

Собиқ президент Аскар Акаевнинг Қумтўр учун кечирим сўрагани танқид қилинди. Бунга Жогорку Кенешнинг депутати Дастан Бекешев реакция қилиб, Акаевнинг Қумтўр бўйича кечирим сўраганини жавобгарликни ўша вақтдаги ҳукуматга қўйгандай тушунганини билдирди.

«Менинг тушунчам бўйича, у [Акаев] Қумтўр бўйича жавобгарликни [ҳукуматни 2002-2005-йиллари бошқарган] Николай Танаевга юкламоқда. Бироқ у вафот этган. Жавобгарликни марҳумларга юклаш осон», — деди Бекешев.

*Николай Танаев 2002-2005-йиллари Қирғизистоннинг премьер-министри бўлган. Қумтўр кони бўйича шартнома 2003-йили унинг даврида реструктуризацияланган. Танаев «қизғалдоқ инқилобидан» кейин ўлкадан чиқиб, 2020-йилнинг июль ойида Россияда вафот этган. Шунингдек депутат Акаевнинг кечирим сўраши «эмоциясиз, афсуссиз, чин дилдан» бўлмаганини, собиқ президент бошқа қилган ишлари учун кечирим сўрашни кўзламаётганини ҳам билдирди.

«Афсонавий парламент»нинг аъзоси Феликс Кулов ҳукумат Қумтўр бўйича шартнома тузилаётганда Жогорку Кенешнинг комиссияси кўплаган қонунбузарликларни аниқлаганини билдирди. Бироқ Куловнинг айтишича, Акаев депутатларнинг фикрини инобатга олмаган.

«Комиссиянинг 9 ойлик ишининг натижасида “Камеко” билан шартнома тузишда коррупция кўринишлари ва ўлка раҳбарларининг номуносиб ҳаракатларини очиқлаган ғазаблантирган фактлар чиққан», — деди Кулов.

Куловнинг айтишича, у 1992-йили «Камеко» билан шартнома тузилаётганда вице-президент хизматини эгаллаб, ўша вақтда Жогорку Кенешнинг депутати бўлган. Фактлар очиқлангандан кейин Кулов вице-президентликни топшириб, ўша вақтдаги премьер-министр Турсунбек Чингишевнинг истеъфосини талаб қилган.

«Мен Акаевнинг сўзларига изоҳ бергим йўқ, бироқ у ўша вақтда депутатларнинг сўзларини тинглаганда ҳозир халқ олдида кечирим сўрамасди. Бунинг ўрнига у “афсонавий парламент”ни тарқатишга қарор қилган. Тарқатишнинг энг асосий ва ягона сабаби Қумтўр эди», — деди Кулов.

*350 депутатдан иборат «афсониай парламент » 1994-йили «ҳукумат тармоқлари орасида пайдо бўлган келишмовчиликлар» сабаб муддатидан олдин тарқаган.