Олий суд Бишкек шаҳар маъмурий судининг қарорини ўз кучида қолдириб, «Биздин Кыргызстан» партиясини Ўш шаҳар кенгашига қайтарди. Бу ҳақда партиянинг асосчиси Айбек Осмонов 30 июлда маълум қилди.
Марказий сайлов комиссияси 26 июлдаги йиғинида Ўш шаҳар кенгашига ўтган «Биздин Кыргызстан» партиясининг олган овозларини яроқсиз деб топиб, партиянинг рўйхатини бекор қилган. Бунга партияни овозларни сотиб олишга алоқаси борлиги асос бўлгани айтилган.
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари «Биздин Кыргызстан» бўйича уч овоз сотиб олиш факти тергов қилинаётганини билдиришган. Партиянинг вакили бу фактларнинг бири уларга алоқадорлигини айтган.
Партия аъзолари бундан норози бўлиб, қарорни «сиёсий буйруқ» деб аташган. Уларнинг айтишича, МСК «Биздин Кыргызстан»ни четлатиш ҳақида қарор қабул қилганда «аниқ, асосли далилларни кўрсата олган эмас». Шу сабаб партия МСКнинг қарорини бекор қилиш учун судга мурожаат қилган эди.
Бишкек шаҳар суди партиянинг аризасини қаноатлантирган. Кўп ўтмай МСК қарор бўйича Олий судга мурожаат қилган эди.
11 июлда ўтган сайловда «Биздин Кыргызстан» сайловчиларнинг 32% овозини олиб, 15 мандатга эга бўлган. Шунингдек «Ата-Журт Кыргызстан» 19 мандат, «Улуттар биримдиги» 7 мандат ва «Бир Бол» 4 мандат олган.