Рискелди Момбеков: Президент икки марта чой берса, эриб кеттингларми?

240
Рискелди Момбеков ва президентнинг чойига кетаётган депутатлар. Коллаж: Айбике Адилет қизи/Kloop

Депутат Рискелди Момбеков 28 июлда айрим депутатлар президент Садир Жапаров билан резиденцияда учрашиб чой ичгандан кейин позицияларини ўзгартирганини айтиб, «чой берганига эриб кетдингларми» деб танқид қилди.

Шу куни халқ вакиллари «Президентни ва Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш ҳақидаги» конституциявий қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, 3%лик сайлов бўсағасини 5%га кўтаришни қўллаб беришган.

Момбековнинг айтишича, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қаралганда бўсаға 3% эди. У октябрь воқеаларига мана шу бўсағанинг кўтарилиши сабаб бўлганини таъкидлаб, «яна октябрь воқеалари томон кетяпсизлар» деб эслатди.

«Ўтган йили 1 миллионга яқин овозлар — «Мекенчил» партиясининг 132 минг, «Республиканинг» 120 минг, «Ата-Мекенники» 80 минг, «Бир бол»ники 60 минг, «Социал-демократтар», «Замандаш», «Чон-Казат»нинг 40 мингдан ортиғи куйиб кетган. Кейин инқилоб бошланган. Ҳозир шундай бўлмайди деб кимингиз кафолат берасизлар? Ким норози бўлмайди дейсизлар? 5% дегани катта», — деди у.

Депутат бўсағага икки фоизнинг қўшилишини «президент Садир Жапаровни депутатларга давлат резиденцияда икки марта чой бергани билан» боғлаган.

“[Президент] икки марта чой берганда эриб кетингларми ёки нима бўлди айтингларчи?! Нима учун икки фоиз қўшилди? Президент уч фоиз билан киритган, икки фоизни ким қўшди?» — деб сўради у.

Унда қонун лойиҳасининг муаллифларидан бири депутат Алтинбек Сулайманов бўсаға фоизини ошириш таклифи парламент қўмитасида қаралиб, қўмита ўзи маъқуллаганини билдирди.

Рискелди Момбеков муаллифлар фоизни оширишда референдумга қатнашган халқнинг сонини «ҳисоблаб олган бўлиши мумкин» дейди. У парламент сайловига аҳоли кўп келишини айтиб, шу сабаб партиялар тегишли овоз ололмай қолиши мумкин деб хавотирланди.

«Сизлар «1 миллион келади, 5% эса 50 минг овоз билан ўтади» деб ўйламанглар. Референдум бошқа, парламент сайловига 2 миллион киши қатнашади. 100 минг бўлмоқда. 100 минг ололмаган партиялар куйиб кетяпти. Кейин қаёқдаги тенглик бу? Бечора партияларнинг ҳаммаси бўсаға билан урмаяпсизларми», — деди халқ вакили.

Президентнинг чойи

Жогорку Кенешнинг депутатлари 21 июлда автобусларга ўтириб резиденцияга жўнаб кетишган. Унда депутатлар давлат раҳбари билан сайлов қонунини, айниқса келаётган парламент сайловини муҳокама қилишганини билдиришган.

27 июлда депутатлар яна резиденцияга чойга чақирилган. Депутатларнинг бири президент депутатларни чойга сайлов қонунини ўтказиб бериш учун чақираётганини очиқ айтган.

Чойга бормаган депутатларнинг бири Жанар Акаев эса президентни депутатларни меҳмондорчилигини «давлат коррупцияси» деб атаган.

«Эртага депутатлар президентнинг сайлов ҳақидаги қонунини қабул қилиши керак, а бугун бир дастурхонда овқатланишади. Буни қандай тушунса бўлади? Мен кеча давлат раҳбари билан учрашиб, қабул қилишга келмаслигимни айтганман. Бу тадбирга артистлар чақирилибди, йилқи сўйилар экан. Кимнинг пулига ўтказилмоқда?» — деб савол берди у.

Парламент 28 июлда «Президентни ва Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш ҳақидаги» конституциявий қонунга ўзгартириш киритишни учинчи ўқишда қабул қилди.

Қонун лойиҳаси ҳақида: «5%лик бўсаға, 90 мандат». Депутатлар сайлов қонунига тузатиш киритишни қўллади

Ўтган йили 4 октябрда ўтган парламент сайловида ҳукуматнинг «Биримдик», «Кыргызстан», собиқ божхоначи Райимбек Матраимовга қарашли дейилган «Мекеним Кыргызстан» партиялари олдинги ўринларда ғолиб бўлган.

Бундан норози бўлган 12 партия ва фуқаровий жамият сайловнинг эртаси куни митингга чиқиб, оммавий кўтарилишларга олиб келган. Натижада ўлкада ҳукумат алмашиб, парламент сайловининг натижаси бекор қилинган.