Суд «Биздин Кыргызстан»ни сайловдан четлатишни ноқонуний деб топди

225
Партия номзодларнинг 27-июлдаги матбуот анжумани. Сурат: Тойчубек Боронбаев/Kloop

Бишкек шаҳар суди 28-июлда Ўш шаҳар кенгашига ўтган «Биздин Кыргызстан» партиясининг сайловдаги ғалабасини тан олди. Бу ҳақда партиянинг асосчиси, депутат Айбек Осмонов фейсбук саҳифасида маълум қилди.

«Бу дегани Қирғизистонда демократиянинг шамоли борлигини англатади. Нима дердим, шу адолатни умри узоқ бўлсин! Ҳозирги қарор партиямизнинг шахсий тарихида катта ҳарфлар билан ёзилади десам бўлади», — деб ёзди у.

Энди МСК шаҳар судининг қароридан уч кун ичида Олий судга шикоят қила олади.

Марказий сайлов комиссияси 26-июлдаги йиғинида Ўш шаҳар кенгашига ўтган «Биздин Кыргызстан» партиясининг олган овозларини яроқсиз деб топиб, партиянинг рўйхатини бекор қилган. Бунга партиянинг овозларни сотиб олишга алоқаси бор экани айтилган.

Партия аъзолари бундан норози бўлиб, қарорни «сиёсий буйруқ» деб аташган. Уларнинг айтишича, МСК «Биздин Кыргызстан»ни четлатиш ҳақидаги қарорни қабул қилганда «аниқ асосларни кўрсата олган эмас». Шу сабаб партия МСКнинг қарорини бекор қилиш учун судга мурожаат қилган эди.

11-июлда ўтган қайта сайловда «Биздин Кыргызстан» сайловчиларнинг 32% овозини олиб, 15 мандатга эга бўлган. Шунингдек «Ата-Журт Кыргызстан», «Улуттар Биримдиги» ва «Бир Бол» партиялари ғолиб бўлган.