Бишкек шаҳар суди 27 июлда Свердлов туман судининг ахлоқ тузатиш колониясида ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг вафот этиши бўйича жиноий ишини қисқартириш қарорини бекор қилди. Бу ҳақда суднинг матбуот хизмати билдирди.
Шунингдек, юристлар Асқаровнинг ўлими тўлиқ текширилишини талаб қилишни давом эттиришини «Бир дунё Қирғизистон» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг координатори Аида Байжуманова таъкидлади.
«Энди жиноий иш Свердлов туман судида қайта кўрилади. Биз шаҳар судининг қарорини тўлиқ қўллаймиз. «Бир дунё Қирғизистон» ва юристлар Азимжон Асқаровнинг ўлими пухта ва сифатли текширилиши учун курашни давом эттиради», — деб билдирди у.
Бунгача «Бир дунё” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон жанубидаги 2010 йилнинг июнь воқеаларига боғлиқ президент Садир Жапаровга мурожаат қилган. Улар Асқаровнинг ўлимини ЖЎДХ текшираётганини манфаатларнинг тўқнашуви деб атаб, муассаса мустақил, комиссиявий экспертиза ўтказишдан бош тортганини таъкидлашган.
Азимжон Асқаров 2010 йилдаги Ўш воқеалари сабаб бир неча моддалар бўйича судланиб, умрбод озодликдан маҳрум қилинган. У 2020 йили 25 июлда Бишкекдаги №47 ахлоқ тузатиш қамоғида вафот этган. ЖЎДХ ҳуқуқ ҳимоячиси пневмониядан вафот этганини билдирган.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг ўлим факти бўйича судгача текширувни бошлаган. Кейин ЖЎДХ терговчиси жиноят белгилари йўқлиги сабаб ишни қисқартирган.
«Бир дунё” ва адвокатлар Айдар Сидиков билан Бакитбек Автандил ўғли терговчининг қарори ноқонуний эканини айтиб, Свердлов туман судига апелляция аризасини йўллаган. Бироқ 1 июнда туман суди ҳам ишни текширишни тўхтатиш қарорини қабул қилган — адвокатларнинг апелляция бериш муддати тугаган. Шундан сўнг ҳуқуқ ҳимоячилари бу қарор устидан Бишкек шаҳар судига шикоят қилган.
Асқаров ким?
Азимжон Асқаров — Қирғизистон жанубидаги ҳуқуқ ҳимоячиси — умрининг 10 йилини қамоқда ўтирган. Уни 2010 йилнинг 15 июнида Қирғизистон жанубидаги миллатлар аро можаро вақтида қўлга олишган.
Ҳуқуқ ҳимоячисига «тартибсизлик уюштириш», «миллатлар аро нафратни қўзғатиш» ва «одам ўлдиришда иштирок этиш» бўйича айблар қўйилган. 2010 йил охирида суд Асқаровни умрбод панжара ортига қамаган, бироқ Асқаров айбини тан олмаган.
2020 йили 25 июлда 47-колониянинг шифохонасида 69 ёшида вафот этди. Унинг вафотини ҳамкасби, ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлўйкан Исмаилова ва адвокати Валерян Вахитов тасдиқлаган.
Унинг адвокати Валерян Вахитов ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари бир неча марта Асқаровнинг соғлиғи ёмонлашганини хабар қилишган эди. ЖЎДХнинг маълумоти бўйича касалхонага ётишдан Асқаровнинг ўзи бош тортган.
Азимжон Асқаровнинг иши бўйича бир қанча қарама-қаршиликлар кузатилган — ҳуқуқ ҳимоячиси асосан милициянинг кўрсатмаси сабаб судланган. Бундан ташқари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Асқаров қийноққа олинганини ва ҳуқуқ ҳимоячисига қарши суд иши адолатсиз бўлганини айтган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Асқаровга нисбатан таъқибни у милиция томонидан қилинган қийноқ фактларини текширувга олгани билан боғлаган.
2016 йили БМТнинг қўмитаси қирғиз ҳукуматидан Асқаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, қамоқдан озод қилишни талаб қилган, бироқ ҳукумат буни амалга оширмаган.