27 июлда Бишкекдаги «Элиза уй буюмлари»нинг икки вакили молия пирамидасини уюштиришда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда «Клооп»га Свердлов ТИИБнинг матбуот котиби Назгул Иманбаева билдирди.
Милицияга Бишкек шаҳрининг турғуни мурожаат қилиб, пулини олдириб юборганини айтиб ариза ёзган. Унда Элмира исмли аёл унинг даромадини кўпайтиришни ваъда қилгани учун унинг абонент рақамига пул ўтказганини билдирган.
Свердлов ТИИБнинг тезкор тергов гуруҳи жиноятда гумондорларнинг шахсини аниқлаб, 24 ёшдаги Б.Э. ва 27 ёшдаги М.О. фуқароларни қўлга олди.
Милиция бу фактни «Молия пирамидаларини уюштириш» моддаси билан рўйхатга олиб, судгача текширувни бошлади. Гумондорлар вақтинча сақлаш жойига киритилиб, бошқа жиноятларга алоқаси бор-йўқлиги аниқланмоқда.
«Ҳозирда «Элиза уй буюмларига» пул тикиб ололмаган ўндан ортиқ одам ариза билан мурожаат қилди. Ҳозир қанча одам, қанча миқдорда пул бергани номаълум, сабаби аризалар барча ҳудудлардан келмоқда», — деб билдирди Иманбаева.
27 июль куни «Элиза уй буюмлари» молия пирамидасининг 30га яқин аъзоси ТИИБ биносининг олдига митингга чиқишган. Улар «Элиза уй буюмлари»нинг етакчисини бўшатишни талаб қилишмоқда ва «унга тегишли рақамларни ноқонуний ўчирган» деб «Мегаком» уяли операторига норозилик билдиришди. Свердлов ТИИБнинг матбуот хизмати 28 июлда ҳам қўлга олинганларнинг тарафдорлари акцияга чиқишганини хабар қилди.
Бу орада актриса, қўшиқчи, режиссёр, бошловчилар «Элиза уй буюмларини»ни инстаграм саҳифасида реклама қилишмоқда.
5 июлда Талас шаҳрида молия пирамидасининг аъзолари қамоққа олинган етакчисини бўшатишни талаб қилишган. Талас ВИИБнинг матбуот котиби Динара Сарногоева «Клооп»га «Эл биримдиги» молия пирамидасининг бошида турган 3 киши суд қарори билан ушланганини билдирган. Сарногоева қўлга олинганлар устидан милицияга 204 фуқародан ариза тушганини қўшимча қилган.
Муаллиф: Найзабек Мукамбетов