Ўзганда дўконга чиққан 12 ёшли қиз зўрланди. Жиноятда гумонланиб 39 ёшли киши қўлга олинди

258

Ўш вилоятининг Қорасув тумани Ўттиз-адир қишлоғининг турғуни 12 ёшли қизни зўрлашда гумон қилиниб қўлга олинди. Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси билдиришича, воқеа Ўзган шаҳрида 23 июлда бўлган.

Маълумотга кўра, милицияга ўсмир қизнинг яқинлари мурожаат қилиб, у 20:30лар атрофида дўконга чиққанича бедарак бўлаётганини айтишган. Тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида қиз шу куни топилиб, у номаълум киши томонидан зўрланганини айтиб берган.

«Қиз топилгандан кейин Ўзган шаҳридаги кўп қаватли уйларга иссиқлик берувчи (катёлный) жойнинг ҳовлисида жойлашган ҳожатхонада номаълум киши зўрлаганини айтган. Унинг берган кўрсатмасига кўра, суд-тиббий экспертиза тайинланган. Экспертизанинг хулосаси бўйича 12 ёшдаги М.Р. зўрлангани аниқланди», — деб билдиришди милициядан.

Мазкур факт бўйича «Жинсий зўравонлик ҳаракатлари» моддаси билан судгача текширув иши очилган. Тезкор қидирув ҳаракатлари асосида 24 июлда Ўттиз-адир қишлоғининг 39 ёшдаги турғуни қўлга олинди. Гумонланувчи Ўзган ТИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киритилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бундан бир ой олдин Чуй вилоятининг Сокулук туманида 10 ёшдаги қизни зўрлашга ҳаракат қилган гумондор ушланган. У 50 ёшдаги қўшниси бўлган. Қизни зўрлангани бўйича милицияга онаси хабар берган.

2020 йили вояга етмаган болаларга нисбатан умумий 1101 жиноий иш рўйхатга олинган. Ундан 150га яқини жинсий сифатга эга бўлган.