МХДҚ: Бишкекнинг вице-мэри Азамат Сагиндик ўғли пора олишда гумонланиб қўлга олинди

193

24-июлда Бишкек шаҳрининг вице-мэри Азамат Сагиндик ўғли қўлга олинди. У йўл четида жойлашган савдо марказини сақлаб қолиш учун кафенинг эгасидан тўққиз минг доллар пора олган деб гумон қилинмоқда. Бу ҳақда МХДҚнинг матбуот хизмати маълум қилди.

Унгача бу иш бўйича мэриянинг ер ресурслари бошқармасининг ҳисобчиси қамоққа олинган. У пул талаб қилганликда гумон қилиниб, «аввал олинган 6000 АҚШ доллари миқдоридаги порани қайтариб бериш вақтида» қўлга олинган.

МХДҚ билдиришича, қўлга олинган ҳисобчи Бишкек шаҳар вице-мэрининг юқоридаги жиноятга алоқаси борлигини билдирган.

«Ушланган одам Бишкек шаҳрининг вице-мэри билан сўзлашиб, Хитой гранти ҳисобидан таъмирланаётган Тугўлбай-Ата (Линейная) кўчасини реконструкциялаш лойиҳасига ўзгартиришлар киритиш учун йўлнинг четида жойлашган савдо объектини сақлаб қолиш мақсадида кафенинг эгасидан 9000 АҚШ доллари миқдорида пора олганлиги аниқланди», — деб ёзилади МХДҚнинг маълумотида.

Вице-мэр МХДҚнинг тергов қамоғига киритилди. Ҳозирда бу ишга алоқаси бор одамларнинг ҳаммасини аниқлаш ишлари бормоқда.

Азамат Сагиндик ўғли пойтахтнинг вице-мэри лавозимига 2020-йилнинг декабрь ойида тайинланган. Унгача Бишкек мэриясининг ердан фойдаланиш ва қурилиш бошқармасининг бошчиси, шунингдек ер ресурслари бошқармасининг бошчиси бўлиб ишлаган.

Азамат Сагиндик ўғли шаҳарнинг вице-мэри сифатида шаҳар қуриш, архитектура ва ер масалаларига жавобгар бўлган.

Муаллиф: Найзабек Мукамбетов