Жапаров билан Иссиқкўлда суратга тушган киши унинг сайлов фондига 6 млн сомдан ортиқ маблағ ўтказган — Фактчек

250
Садир Жапаров Нурбек Калмурзаев билан тушган сурати

Президент Садир Жапаров 19-июлда Иссиқкўл вилоятининг Чолпон-Ота шаҳрига бориб, дам олувчилар билан суратга тушди. Суратларнинг бири ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилиниб, унга боғлиқ мемлар ҳам ясалган.

«Фактчек» нашри президент билан тушган одам Нурбек Калмурзаев эканини аниқлади — у Қорасув туманидаги «Баястан» ресторанининг эгаси. Калмурзаев йил бошида ўтган президентлик сайловида Садир Жапаровнинг фондига 6 млн 592 минг сом маблағ ўтказгани маълум бўлди. Унинг ижтимоий тармоқлардаги суратларидан у Жапаровнинг тарафдори экани сезилади.

Калмурзаев жамоатчиликка пандемия сабаб киритилган чекловларга қарамай ресторанида тўй ўтказгани билан танилган. Қорасув ТИИБси 2020-йилнинг июль ойида Калмурзаевга нисбатан «Чеклов талабларини бузиш» моддаси билан судгача текширувни бошлаган. Милициянинг маълумотига кўра, Калмурзаев огоҳлантиришларга қарамай «Баястан» ресторанида тўй-маросимларни ўтказган.

Бундан ташқари, «Фактчек»нинг журналистлари Жапаровнинг ёнида турган аёл Назиза Тениева эканини, у Калмурзаевнинг аёли эканини ҳам аниқлашган.

Калмурзаев «SuperTV» каналига интервью бериб, Жапаров билан суратга тушганини тасдиқлаган. Тадбиркор президент билан кўлда тасодифан учрашиб қолганини айтган. Шунингдек унинг «камтар ва содда эканига» баҳо берганини таъкидлаган.

«Ўша куни биз сув четида дам олиб, чўмилаётган эдик. Кейин ёнимдагилар “президент келди” деб айтиб қолди. Биз қарасак ёнимизда, сувнинг четида Садир Нуркожоевич халқ билан сўрашаётган экан. Биз ёнида эдик, ўша ерга бориб туриб қолдик», — деди Калмурзаев.

Бироқ тадбиркор журналистларга президент билан таниш бўлиб-бўлмагани ва сайлов вақтида унга ҳомий бўлганини очиқлаган эмас.