Қирғизистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистоннинг ҳукумати Афғонистондан қочган 345 нафар этник қирғизни ортга қайтариб юборгани бўйича фикр билдирди.
Вазирликдан «Азаттык»қа билдирилишича, ТИВ помирлик қирғизларни Қирғизистонга олиб келиш бўйича бир неча мурожаат йўллаган, аммо Тожикистон бу илтимосларни жавобсиз қолдирган. Шунингдек тожик тараф этник қирғизлар Афғонистонга қайтарилгани тўғрисида Қирғизистоннинг ТИВига хабар бермаган.
«Тожикистоннинг дипломатик вакиллигининг етакчисига илтимоснома берилган эди. Унда қирғиз тараф этник қирғизларни эвакуациялаш масалаларини ишлаб чиқиш учун уларга қирғиз мутахассисларининг боришига йўл беришни илтимос қилган. Шу билан бирга қирғиз тарафнинг расмий мурожаати жавобсиз қолаётганини таъкидлаш керак», — деди вазирликнинг матбуот котиби Нурлан Суеркулов.
Шунга қарамай помирлик қирғизлар Афғонистонга қайтишни истамаган. Помирликларнинг айтишича, улар Тожикистон орқали Қирғизистонга ўтишни ёки ўлканинг ўзида қолиб туришни кўзлаган.
13-14-июлларда Тожикистонга Афғонистоннинг Бадахшан ҳудудига қарашли Андемин ҳудудидан 347 помирлик қирғиз қочиб кирган. Улар Афғонистондаги «Толибон» экстремистик ҳаракати туғдирган хавф сабаб қочишга мажбур бўлишган. Чегарани кесиб ўтишда эса икки чақалоқ ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Тожик ҳукумати қочқинларни Қизил-Работ жамоатининг Чоштепа ва Дуютук ҳудудларига жойлаштирган. Қирғиз ҳукумати Бирлашган миллатлар ташкилотининг қочқинлар бўйича Олий комиссарнинг Марказий Осиёдаги вакиллигига ва Тожикистон ҳукуматига мурожаат йўллаб, этник қирғизларни Қирғизистонга эвакуациялашга кўмак беришни илтимос қилган.
Бироқ Тожикистон «Афғонистоннинг ҳукумати этник қирғизларнинг шахсий хавфсизлигига кафолат бергандан кейин» уларни Бадахшонга қайтарган.
Афғонистонда нима бўляпти?
«Толибон» экстремистик ҳаракати 2021-йилнинг май ойидан бошлаб Афғонистоннинг ҳудудларини босиб ола бошлаган. Бу вақтда «Толибон» билан курашган НАТО ҳарбий-сиёсий ташкилотининг ҳарбийлари ўлкадан чиқарила бошлаган. АҚШнинг президенти Жо Байденнинг айтишича, НАТОнинг кучлари Афғонистондан 11-сентябргача тўлиғи билан чиқарилади.
*«Толибон» — радикал ислом ҳаракати, унга Қирғизистонда тақиқ қўйилган ва террористик деб ҳисобланади. «Толибон» ҳаракатининг ҳарбийлари радикал кайфиятдаги ҳаракатлари билангина эмас, бошқа террор гуруҳларга ҳам, жумладан Қирғизистонда тақиқланган «Аль-Қоида»га алоқаси бор экани билан ҳам танилган.
«Толибон»нинг вакиллари улар Афғонистоннинг 80 фоизини босиб олганини билдирган, аммо расмий ҳукумат бу баёнотни инкор қилиб келади. Бирлашган миллатлар ташкилотининг июндаги ҳисоблари бўйича эса, Афғонистоннинг 50%-70% ҳудуди экстремистик ҳаракатнинг назоратига ўтди.
Шу сабаб минглаган афғонистонликлар қўшни давлатларга қочиб ўтмоқда — уларнинг орасида ҳукумат ҳарбийлари ҳам бор.
«Толибон» ҳаракати Марказий Осиёга ҳам хавф туғдириши мумкин деб айтилмоқда, чунки Афғонистон Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош. Террор ташкилотининг жангарилари чегарадаги бир неча ўтказиш пунктларини босиб олишган.