Сузоқнинг бир неча қишлоқларида сел юриб, 6 ёшли қиз ҳалок бўлди

268

Сурат: Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг матбуот хизмати

Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманининг бир неча қишлоқларида 20 июлда сел бўлиб, бунинг оқибатида 6 ёшли қизни сел оқизиб кетган. Бу ҳақда фавқулодда ҳолатлар вазирлигидан билдиришди.

«Сел Сузоқ — Қора-дарё йўлини қоплаб, 2015 йили туғилган М.А. исмли қизни оқизиб кетган. Воқеа жойдаги қидирув ишлари натижасида қизнинг жасади қариндошлари томонидан топилди», — деб билдиришди ФҲВдан.

Сел Сузоқ қишлоқ ҳукуматининг Дўстлик қишлоғида, Қора-дарё қишлоқ ҳукуматининг Чангир-Таш қишлоқларида бўлган. Адирлардан оқиб тушган сув уйларнинг ҳовлиларини қоплаган. Ҳозирда ФҲВнинг ходимлари сел оқибатларини бартараф қилишмоқда.

Бундан икки кун олдин Баткен вилоятининг Лайлак туманида сел бўлиб, 16 ёшдаги ўсмир қиз вафот этган. Унинг жасади маҳаллий турғунлар томонидан топилган.

Одам ўлимига олиб келган сел 12 июлда Жалолобод вилоятининг Ахси туманида ҳам бўлган. Унда умумий саккиз киши ҳалок бўлган. Ўлганларнинг олтиси — икки аёл, икки ўсмир ва икки ёш бола — бир оиладан бўлган. Уларнинг ҳаммаси воқеа бўлган куни Жолборсту қишлоғидаги яйловда бўлишган. Улар яшаган уйни сел оқизиб кетиб ҳалок бўлишган.

12 ёшдаги Нурсултан отаси билан яйловдан мол қайтариб келаётиб ёмғир сабаб ҳамқишлоқларининг уйига исиниш учун киришган. Бироқ кутилмаганда сел келиб, уйни ер билан яксон қилган.

Шунингдек, селдан ҳалок бўлганлар орасида 5 ёшли Айдар ҳам бор. Унинг жасади беш кундан кейин Қорасув дарёси билан Норин дарёсининг кесилишидан топилган.