Норин вилоятининг Жумғал туманида маҳаллий турғунлар қайтадан йўл тўсди. Улар 2018-йилдан бери битмаётган Шимолий-Жануб муқобил йўлининг қурулиши тўхтаб қолганидан норози. Бу ҳақда Turmush нашри билдирди.
Нашрнинг ёзишича, акция иштирокчилари билан вилоят ҳокими Жамшит Матанбаев, унинг ўринбосари Бақит Женалиев, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Жумгал тумани бўйича бошқармасининг етакчиси ҳамда милиция ходимлари учрашди.
Матанбаев тўпланганларга тарқаб кетишни таклиф қилиб, акцияни Қурбон ҳайитидан кейин давом эттиришга чақирди.
«Муборак кунни, ҳайитни ўтказиб олайлик. Кейин тўпланиб тўсаверинглар. Мен ҳам шу ерга келаман. Юқоридан ҳам одамлар келишади», — деди у.
*20-июлда Қирғизистонда Қурбон ҳайити нишонланади. Бу кун дам олиш куни деб эълон қилинган.
Натижада, тўпланганлар акцияни 21-июлда давом эттиришга қарор қилишди. Эпкин қишлоғининг турғуни Асил Турғуналиева эса қишлоқликлар йўлнинг қуриб битказилишини кутиб чарчаганини билдирди.
«Бу йўл билан юриб бўлмайди. Тендер нима бўлди?! Ҳукуматнинг вакиллари, транспорт вазирлигининг вакиллари келишсин, йўлнинг ҳозирги вазиятини кўришсин. Биз ҳокимнинг сўзини эшитиб, акцияни 21-июлга жилдиришга рози бўлдик. Аммо бўз уй тикиб, йўлни ёпишга тайёрланаяпмиз», — деди у.
Жумгал туманининг турғунлари март ойида ҳам йўлни тўсиб чиқишган. Ўшанда улар нари-бери ўтган оғир юк машиналари сабаб қишлоқни чанг босаётганини айтиб шикоят қилишган — ўшнда трасса таъмирланган, бироқ асфальт тўшалмаган эди.
Ўшанда акцияга Транспорт, архитектура, қурулиш ва коммуникация вазирлигининг вакиллари, ҳукуматнинг Норин вилояти бўйича мухтор вакилининг биринчи ўринбосари Адил Сапаров ва туманнинг ҳокими Залкар Бозбалаев иштирок этиб кетган.
Ҳукумат йўлнинг бу кесилиши 2021-йилнинг июнь ойида бошланади деб ваъда бериб кетган. Аммо маҳаллий аҳоли хали ҳам чангда яшамоқда.
Шимолий — Жануб йўли ҳақида нима маълум?
Бу йўл Осиё тараққиёт банкининг ҳисобидан 2009-йили қурила бошлаган, ишни Италиянинг Todini Costruzioni Generali Company компанияси олиб бораётган.
Транспорт вазирлигининг маълумоти бўйича, 2019 ва 2020-йилдаги тўлиқ икки қурулиш мавсумида пудратчи ишнинг 9,5% нигина бажарган. Келишув муддатининг 69%и сарфлангани билан ер ишлари хали битмай қолган.
2020-йилнинг декабрь ойининг бошида ҳукумат компания билан тузган келишимни бир томонлама бузган. Бунга тендерда коррупция схемаси аниқлангани сабаб бўлган.
Транспорт вазирлиги янги пудратчи танланиб, июнь-июль ойларида иш бошлайди деб таъкидлаган.