Муфтий ва бир қатор диний уламолар COVID-19га қарши эмловдан ўтди

267

Қирғизистон мусулмонлари дин бошқармасининг матбуот хизмати ўлканинг ҳазрати муфтийи Замир Ракиев Бишкекдаги эмлаш пунктларининг бирида коронавирусга қарши вакцина олганини билдирди. Эмлашдан ўтишга муфтий билан бирга 20дан ортиқ диний арбоб борган.

«Шунингдек уламолар кенгашининг аъзолари, Қирғизистон Ислом университетининг проректори ва ўқитувчилари, Бишкек шаҳар қозиятининг имомлари эмлашдан ўтишди», — деб таъкидлашди муфтиятнинг матбуот хизматида.

Бунгача уламолар кенгаши коронавирусга қарши эмлаш бўйича фатво чиқарган. Унда коронавирус юқтирганларнинг сони кундан-кунга ортаётгани учун эмлашдан ўтиш муҳимлиги айтилади.

Соғлиқни сақлаш ходимларининг фикрича, касаллик тарқалишини тўхтатувчи ягона усул — бу одамларни оммавий турда эмлашдан ўтказиш бўлиб саналади [...] Шу сабаб уламолар кенгаши COVID-19ни олдини олиш мақсадида ихтиёрий равишда вакцина олишга қарши эмас», — деб ёзилади фатвода.

Қирғизистондаги эмлов

Қирғизистондаги аҳолини эмлаш кампанияси 2021 йили мартда бошланган. Бироқ 12 июлда ўлкага Sinopharm вакцинасининг иккинчи партияси олиб келингандан кейин фаол фазага кирди.

Шундан кейин ҳукумат ўлка бўйича 900га яқин эмлаш марказларини очди, бу ерда истаган одам вакцинани бепул олса бўлади. аввалроқ президент Садир Жапаров вазирликдан тортиб қишлоқ ҳукуматларигача барча муассасаларга ва давлат органларининг ходимларига COVID-19га қарши эмлашдан ўтишни топширган. Шунингдек, давлат раҳбари ўзи эмлашдан ўтмаган. Унинг аппарати Жапаровда антителоларнинг сони юқори эканлигини айтиб келади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус билан оғригандан кейин пайдо бўлган антителоларнинг самаралилигини ҳамон текширмоқда. Улар организмда антителолар сонига қарамай вакцина олишни таклиф қилади.