Фатво: Олимлар кенгаши COVID-19га қарши вакцина олишга қарши эмас

208
Ўш шаҳридаги вакцинация. Сурат: Ўш мерияси

Қирғизистон мусулмонларининг Уламолар кенгаши 14 июлда COVID-19га қарши эмлаш бўйича фатво чиқарди. Унда коронавирус билан оғриганларнинг сони кўп бўлаётгани сабаб вакцина олиш ҳозирда муҳимлиги айтилади.

«Соғлиқни сақлаш ходимларининг фикрича, касаллик тарқалишини тўхтатувчи ягона усул — бу одамларни оммавий турда эмлашдан ўтказиш бўлиб саналади [...] Шу сабаб уламолар кенгаши COVID-19ни олдини олиш мақсадида ихтиёрий равишда вакцина олишга қарши эмас», — деб ёзилади фатвода.

Бунгача муфтият коронавирусга қарши вакцина олиш рўзани бузмайди деб билдирган.

Қирғизистонда 18 ёшдан катта фуқароларга Хитойнинг «Синофарм», Россиянинг «Спутник-В» вакцинаси бепул қилинмоқда. 15 июлга кўра ўлкада вакцинанинг биринчи дозасини 140 минг 922, иккинчи дозасини 87 минг 147 киши олди.

Бу орада охирги суткада коронавируснинг янги 1 290 ҳолати аниқланиб, 10 киши вафот этди.