Афғонистондан Тожикистонга 347 этник қирғиз қочиб кирди — икки гўдак кўз юмди

237
Помирдаги этник қирғизлар. Сурат: Элвира Султамурат қизи

«Толибон» экстремистик ҳаракатининг хавфи сабаб 13-14-июлдарда Афғонистондан 347 этник қирғиз Тожикистонга қочиб кирди. Чегарани кесиб ўтишда икки гўдак вафот этган. Бу ҳақда «Ховар» нашри Тожикистоннинг МХДҚга таяниб ёзди.

*«Толибон» — радикал ислом ҳаракати, у Қирғизистонда тақиқланган ва террористик деб топилган. «Толибон» ҳаракатининг жангарилари фақат радикал ҳаракатлари билан эмас, бошқа террористик гуруҳларга, унинг ичида Қирғизистонда тақиқланган «Ал-Қоида»га ҳам алоқадорлиги билан маълум.

Қочқинларнинг орасида 91 эркак, 77 аёл ва 177 ёш бола бўлган. Этник қирғизлар Афғонистондаги Бадахшон ҳудудининг Вахон уездига қарашли Андемин қишлоғидан бўлишади.

Ҳозир улар Тожикистоннинг Мурғоб туманига қарашли Қизил-Работ жамоатининг Чоштепа ва Дуютук ҳудудларига жойлаштирилди. Шунингдек, Тожикистоннинг махсус хизмати қочқинларнинг ёнидан 3,5 килограмм гиёҳванд модда топилганини билдирди.

«Озоди» нашри толиблар Бадахшон ҳудудини босиб олгандан кейин 4-5-июлларда Афғонистондан Тожикистонга 1 037 киши қочиб кирганини хабар қилган. Уларнинг кўпчилиги Тожикистоннинг Хорог ҳудудига жойлаштирилган.

2021-йилнинг май ойидан бошлаб НАТО ҳарбий-сиёсий ташкилотнинг кучлари Афғонистондан чиқарила бошлагандан кейин ўлкадаги вазият кескинлаша бошлаган. НАТОнинг ҳарбийлари Афғонистон ҳукумати билан бирга «Толибон» ҳаракатининг жангариларини тўхтатиб турган.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг маълумотига кўра, «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг йирик шаҳарларидан ташқари ўлканинг 50-70% ҳудудини эгаллаб турган.

Афғонистондаги помирлик қирғизлар

2003-йилгача Афғонистоннинг Помир худудида 5 мингга яқин этник қирғизлар яшаган. Ҳозирги вақтда помирлик қирғизларнинг сони кескин камайиб, 1,5 минг атрофида қолган.

Қирғиз ҳукумати 2017-йилдан бошлаб помирлик қирғизларни Қирғизистонга кўчиришни бошлаган. Олдин Афғонистондан 48 этник қирғиз Норин вилоятига етказилган. Ҳукумат уларга таълим бериш, даволатишни ваъда қилиб, қолаверса оилага уй ҳам берилган.

Орадан тахминан ярим йил ўтгандан кейин йигирмага яқин этник қирғиз Афғонистонга таътилга кетиб, Қирғизистонга қайтмаган.

Улар тарихий ватанидан яшашдан кўнгли қолганини асосий сабаблари қатори ҳукумат билан ўзаро тушунмовчилик, ночор турмуш шароитига кўникиб кетиш мумкин бўлмаганини айтишган.

Қирғизистонда қолган помирлик қирғизларнинг кўпчилиги Олай туманидаги Сары-Могол ва Талды-Сув қишлоғига кўчирилиб, уларга ҳукумат уй қуриб берган. Шунингдек, Олай тумани ҳокимлиги помирликларнинг оилаларига ҳайвонлар ҳам берган.

Шу йилнинг апрель ойида президент Садир Жапаров Хитой ва Афғонистондан келган 111 этник қирғизга фуқаролик берган.