100 минг сомлик бўғурсоқ-тендер. Ўш мэриясининг ходимлари жавобга тортилди

210

Бош прокуратура тантанали маросимга дастурхон тайёрлаш бўйича тендер ўтказишда Ўш мэрияси томонидан бир қанча қонунбузарликлар бўлганини аниқлади. Бу ҳақда 24.kg назорат органига таяниб ёзди.

Бош прокуратура муниципалитет «Бухгалтерлик ҳисоби», «Давлат сотиб олишлари» ва «Давлат фуқаролик хизмати ва муниципал хизмат» ҳақидаги қонунларни бузганини таъкидлади.

«Шу сабаб Ўш шаҳрининг мэрига ҳуқуқий-меъёрий актларни бузишни бартараф қилиш таклиф қилинди. Ёшлар ишлари бўйича қўмитанинг раиси ва танлов комиссиясининг аъзолари диссиплинар жавобгарликка тортилди», — деб билдиришди назорат органидан.

Қандай тендер?

Шу йилнинг июнида Ўш мэрияси ёшларнинг инновация марказини очилиш маросимига бўғирсоқ, сомса ва пирог сотиб олиш учун тендер эълон қилган.

Тендерга кўра, тадбирнинг дастурхонига мерия 312 минг сом сарфлаши керак бўлган. Натижада дастурхон тайёрлашга тендерни энг кам нарх, 180 минг сом таклиф қилган «Эр-Ас-компани» қурилиш компанияси ютиб олган.

Бу сумманинг ярмидан кўпи — 100 минг сом бўғирсоқ сотиб олишга сарфланадиган бўлган.

Ўш мериясида 35 минг сомга тендер эълон қилинганини, унинг нархи техник хато сабаб бу ерда ортиқча ноль ва вергуллар қўшилиб қолгани учун кўпайиб кетган деб айтишган.

«35 минг сомга тендер берилган. Бироқ порталга 350 минг сом деб кириб қолган. Тендерга киритаётганда вергул, ноль деганлари бор. Шу ерда бир-икки нолда хато бўлган. Асосийси кофе-брейкка ажратилган пулни ютган фирмага ўтказилмади. Энди тендер бекор қилиниб, қайта ўтказамиз», — деган Ўш мэриясининг ёшлар ишлари бўйича қўмитасининг бошчиси Иззатбек Берхмаматов.