Ўшда «Улуттар Биримдиги» партиясининг вакили овозларни сотиб олишда гумонланмоқда

243
Ўш шаҳрида овоз сотиб олишда гумонланиб қўлга олинган «Улуттар Биримдиги» партиясининг вакилига тегишли пуллар ва ҳужжатлар. Сурат: Ўш ШИИБи

Ўш ШИИБи шаҳар кенгашига отланган «Улуттар Биримдиги» партиясининг вакилини овоз сотиб олишда гумон қилиб қўлга олди. Бу ҳақда милициянинг матбуот хизмати 10 июлда билдирди.

Милициянинг маълумотига кўра, соат 13:00 атрофида Тўлўйкўн кичик туманида бир партиянинг вакили сайловчиларга овоз бериш учун 2 минг сом пул таклиф қилаётгани ҳақида маълумот тушган.

«Маълумотни текшириш вақтида фуқароларнинг овозларини сотиб олишда гумондор қатори сайловга қатнашаётган партиянинг вакили бўлган 1978 йили туғилган А.К. исмли аёл мазкур кичик туманда қўлга олинди. Уни текшириш вақтида ёнида 37 минг сом пул, партияга тегишли гувоҳнома, реклама варақалари бўлган», — деб билдиришди Ўш ШИИБидан.

Бундан ташқари, маълумотда судгача текширув асосида гумонланувчидан пул олган сайловчилар ҳам аниқлангани қўшимча қилинган.

Милиция қўлга олинган гумондорни «А.К.» инициали билан белгилаган. Ижтимоий тармоқларда «Ўш шаҳрида икки соат олдинги воқеа. Овоз сотиб олиш очиқ бўлмоқда» деган ёзув билан бир неча суратлар эълон қилинган.

Бу суратларда Абдуллаева Каникей номига мансуб «Улуттар Биримдиги» партиясидан берилган гувоҳнома ва минг сомликлар туширилган кадрларни кўриш мумкин. Шунингдек, Абдуллаева гувоҳномада «партиянинг ишончли одами» деб кўрсатилган.

«Улуттар Биримдиги» партиясининг матбуот котиби Камил Сидиков Абдуллаева уларнинг вакили эканини «Азаттык» радиосига тасдиқлади. Бироқ унинг ёнидан топилган пуллар шахсан ўзига тегишли деб ишонтирди.

Бу «овоз сотиб олиш» ҳаракати билан партиянинг вакиллари қўлга олинган биринчи ҳолат эмас. 7 июлда Ўш шаҳар милицияси овоз сотиб олишда гумон қилиб уч кишини қўлга олган.

Гумондорларнинг ёнидан 115 минг сом топилиб, уларнинг бири маҳаллий кенгашга номзод экани аниқланган. У «Ынтымак» сиёсий партиясидан номзод бўлган Бахадир Латиханов бўлган.

Шу сабаб «Умумий иш» жамоат фонди МСКга «Ынтымак» сиёсий партиясини сайловдан четлатиш талаби билан ариза ёзган. Бироқ мазкур партиянинг лидери Марлен Маматалиев МСКдан Ўш шаҳар кенгашига сайловда қатнашишдан бош тортиш ҳақида ариза ёзишини билдирган.

11 июлда Ўш, Бишкек ва Тоқмоқ шаҳар кенгашларига қайта сайлов бўлади.

Ўш шаҳар кенгашига саккиз партия қатнашади: «Улуу-Журт», «Бир бол», «Бутун Кыргызстан», «Ата-Журт Кыргызстан», «Улуттар биримдиги», «Биздин Кыргызстан», «Келечек-Будущее» ва «Нур» партиялари.

11 апрелда ўтган сайловнинг натижасини МСК бекор қилган. Бу қарор овоз бериш натижасига таъсир қилган қонунбузарликлар — овоз сотиб олиш, маъмурий ресурс, сайловчиларни оммавий рўйхатга олиш — сабаб қабул қилинган.