Ўшнинг мэри: Аввалги сайловда ҳам, бугунгисида ҳам маъмурий ресурс қўлланилгани йўқ

251

Ўш шаҳрининг мэри Таалайбек Сарибашов шаҳардаги №5555 сайлов участкасида овоз берди.

Сарибашов овоз бериб чиққандан кейин журналистларнинг саволларига жавоб берди. Унинг айтишича, мэрия Ўш шаҳар кенгашига отланган партияларга бир хил имкониятларни яратиб берди ва апрелда ўтган сайловда ҳам, такрорий сайловда ҳам маъмурий ресурсдан фойдаланган эмас.

«Мен очиқ айтаман, Ўш шаҳрида ўтган сайловда ҳам қўпол қонунбузарлик бўлмаган. Энди бу Марказий сайлов комиссиясининг қарори бўлди, биз бунга бўйсунишимиз керак [...] Мен шаҳар раҳбари сифатида бошимни баланд кўтариб айтаман, биз аввалги сайловда ҳам маъмурий ресурсдан фойдаланган эмасмиз, бугунги сайловда ҳам барча нарсаларга холис адолатли туриб бердик», — деди Сарибашов.

Журналистларнинг бири ижтимоий тармоқларда мэриянинг ходимлари «мэрни қўлласанглар “Ата-Журт — Кыргызстан” партиясини сайланглар» деган маълумот тарқаганини билдирди. Сарибашов бу маълумотни «туҳмат» деди.

Бундан ташқари, Таалайбек Сарибашов яна мэрлик хизматига келиш нияти борлигини таъкидлади.

МСК 11-майда Бишкекда, Ўшда ва Тоқмоқда сайлов натижаси бекор қилинган. Бунга сайловчиларни оммавий рўйхатга олиш, овоз сотиб олишлар ва маъмурий ресурсдан фойдаланиш сабаб бўлган.

2-июнда президент Садир Жапаров Ўшнинг мэрини қабул қилиб, маъмурий ресурсдан фойдаланилмасин деб огоҳлантирган.