«Ынтымак» партияси Ўш шаҳрида сайловга қатнашишдан бош тортишга мажбур бўлди. Нима учун?

247
«Ынтымак» партиясининг лидери, Жогорку Кенеш депутати Марлен Маматалиев

«Ынтымак» сиёсий партияси 11 июлда Ўш шаҳар кенгашига бўладиган сайловга қатнашмайди. Тегишли қарор марказий сайлов комиссиясининг 9 июлда ўтган йиғинда қабул қилинди. Партия «Умумий иш» жамоат фонди ёзган ариза сабаб сайловга қатнашишдан бош тортди.

Мазкур фонднинг вакили Канишай Мамитова йиғинда билдиришича, «Ынтымак» партиясининг номзод ва вакиллари овоз сотиб олишда гумон қилиниб ушланишига қарамай, Ўш шаҳар ҳудудий комиссияси партияни четлатишдан бош тортган. Бундан ташқари, жамоат фонди МСКга мурожаат қилган.

“«Ынтымак» партияси вакилларининг овоз сотиб олиш ҳаракатлари бўйича тўлиқ далиллар бўлишига қарамай, Ўш шаҳар ҲСК огоҳлантириш бериш билан чекланди. Биз МСКдан мазкур сиёсий партияни сайловдан четлатишни талаб қиламиз», — деди Мамитова.

Шунингдек йиғинга «Ынтымак» партиясининг лидери, Жогорку Кенеш депутати Марлен Маматалиев ҳам қатнашиб, МСКдан Ўш шаҳар ҳудудий сайлов комиссиясининг қарорини қўллаб беришни сўради.

«Номзод [Бахадир Латиханов — таҳр.] шундай йўлга борибди, бироқ мен унинг бу ишни қилишини билмаганман. Мен бу одамни рўйхатдан чиқаринглар деб буйруқ берганман. У чиқарилган. Сизлардан илтимос, уч кун вақт беринглар, ИИВга илтимоснома юбораман, агар партиянинг ишида қонунбузарлик бўлса, унда ўзим сайловга қатнашишдан ёки ютган ва ютқазилган тақдирда ҳам унинг натижасидан бош тортаман», — деди Маматалиев.

МСКнинг раисаси Нуржан Шайилдабекова ҳар бир сиёсий партия номзодларнинг ва вакилларнинг ҳаракатлари учун масъуллигини эслатиб, «Ынтымак» партиясини сайловдан четлатишга овоз сотиб олиш ҳаракатлари асос бўлишини айтди.

Йиғин охирида Маматалиев агар МСК Ўш шаҳар ҳудудий сайлов комиссиясининг қарорини қўлламаса, унда партияга Ўш шаҳар кенгашига сайловга қатнашишдан бош тортишга имкон беришди сўради. Мазкур аризани МСКнинг аъзолари кўриб чиқиб, қаноатлантириш қарорини қабул қилишди.

«Айрим партияларга қарши танланма кураш бўлмоқда»

10 июлда «Ынтымак» сиёсий партиясининг фейсбук саҳифасига партия сайловга қатнашишдан бош тортгани ҳақида маълумот эълон қилинди. Унда бу қарорни Маматалиев қабул қилгани ёзилган. Шунингдек, билдирувда Маматалиев «Ўшда ноқонунийлик бормоқда ва айрим партияларга қарши танланма кураш боряпти» деб таъкидлаган.

«Бунга Ўш шаҳрида бизнинг номзодларнинг бирига қарши уюштирилган провокацияни мисол қилсак бўлади. шу нюансларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб, бизнинг жамоа қатнашмасликка қарор қилди. Биз ўзимизнинг имижимизни ва юзимизни, биринчи навбатда сайловчиларимиз олдида сақлаб қолмоқчимиз», — деган у.

«Ынтымак» партиясининг овоз сотиб олиш ҳаракати

7 июлда Ўш шаҳар милицияси овоз сотиб олишга гумон қилиб уч кишини ушлаган.

Гумонланувчиларнинг ёнидан 115 минг сом топилиб, бири маҳаллий кенгашга номзод экани аниқланган. Шу сабаб номзод 48 соатга вақтинча сақлаш жойига киритилган.

Милиция қўлга олинганларни «И.Х.», «Р.Ш.» ва «Л.Б.» инициаллари билан таъкидлаган. Сайловга қатнашган номзодларнинг рўйхатида «Л.Б.» инициалларига Бахадир Латиханов тўғри келади — у «Ынтымак» партиясининг рўйхатида 17-да туради.