Боткен: Ҳалок бўлган аскарнинг жасади Тожикистондан олиб келинди

51
Хуснидин Хажиев. Сурат: «Азаттык» радиоси

Қирғиз-тожик чегарасидаги отишувда қурбон бўлган 27 ёшли ҳарбий Хуснидин Хажиевнинг жасади Қирғизистонга келтирилди. Тожик томон ҳарбийнинг жасади билан бирга Қирғизистон чегара хизматига тегишли уч отни буюмлари билан ўтказиб берган. Бу ҳақда миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара хизмати билдирди.

Сержант Хажиевнинг жасади қирғиз-тожик чегарасидаги «Кайрагач-авто жол» назорат ўтказиш бекати орқали олиб келинган. Унинг жасадини Баткен гарнизонининг ҳарбий прокуратура ва чегара хизматининг Баткен вилояти бўйича бошқармасининг вакиллари ўтказиб олишган.

Чегара хизмати билдиришича, ҳозирда тожик ҳарбийлари ушлаб кетган иккинчи аскарни қайтариш учун Қирғизистон билан Тожикистоннинг чегара вакиллари сўзлашмоқда.

Аввалроқ Баткенга бош штабнинг раҳбари, чегара хизмати етакчисининг ўринбосари Курсанбек Бекташов жўнаб кетишгани хабар қилинган.

Қирғизистоннинг чегара хизмати 8 июнда соат 17:00 атрофида Баткендаги отлиқ чегара навбатчилиги Чашмагилдан доаони томон кетаётганда Тожикистоннинг чегарачилари томонидан кутилмаганда ҳужумга учраганини билдирган.

Маълумотга кўра отлиқ навбатчилар таркибида тўрт чегарачи бўлган. Уларнинг иккисига ўқ тегиб, иккиси қочишга улгурган. Яраланганларнинг бири ҳалок бўлган. Бир ҳарбий эса гаровга олинган.

Отишув вақтида тожик томондан ҳам яраланганлар ва ҳалок бўлганлар борлиги айтилмоқда, бироқ тожик ҳукумати йўқотишлар бўйича расмий маълумот бермаган.

Тожик ОАВлари Тожикистоннинг МХДҚнинг маълумотига таяниб, отишув тўрт чегарачи чегарани ноқонуний босиб ўтгани учун бўлганини ёзди.

Муаллиф: Найзабек Мукамбетов