Юристлар: Туркия Орхан Инандини ўғирлаш орқали қирғиз қонунларини бузди

248
Орхан Инанди

5 июлда бир ойдан бери бедарак бўлган «Сапат» билим бериш муассасасининг асосчиси Орхан Инанди Туркиянинг миллий разведка хизмати томонидан ўғирланиб, Туркияга етказилгани маълум бўлди.

Бу орада ИИВ Инандини қандай ўғирлангани ва унинг фуқаролигини текширмоқда. Юристлар эса қирғизистонлик Орхан Инандининг турк фуқаролиги бўлганда ҳам унинг ўғирланиши ноқонунийлигини айтишди.

«Қирғиз фуқароси бошқа давлатга ўтказиб берилмайди»

Замир Жоошев

Юрист Замир Жоошев «Клооп»га берган интервьюсида Орхан Инандини Туркияга етказилгани Қирғизистоннинг Конституцияси ва Жиноят-процессуал кодексига қарши келади деб тушунтирди.

«Бироқ бу ерда жиноят қилмаган, унга нисбатан ҳукм чиқмаган одамни олиб, ўтказиб беришди. Менинг тушунчам бўйича ўтказиб бериш бўлди [...] Майли, у Туркия ва Қирғизистоннинг фуқароси экан, бироқ у 2012 йилдан бери Қирғизистоннинг тўлақонли фуқароси ҳисобланади. [Ҳукумат] уни ҳимоя қилиб, бермаслиги керак эди. Бу ерда Қирғизистон у «бизнинг одам» бўлганини ҳисобга олиши керак. Инанди Туркиянинг фуқароси бўлгани учун биз учун иккинчи планда», — деб тушунтирди Жоошев.

Шунингдек юрист Орхан Инанди Қирғизистонда яшамоқчи бўлгани ҳам муҳим ҳолат эканини таъкидлади.

*Конституциянинг 51-моддасида қирғиз фуқароси «республика чегарасидан чиқариб юборилмайди ёки бошқа давлатга ўтказиб берилмайди» деб кўрсатилган. Жиноят-процессуал кодексининг 524-моддасида чет ўлкани Қирғизистон фуқаросини жавобгарликка тортиш учун ўтказиб бериш илтимоси қаноатлантирилмайди деб ёзилган.

«Инанди зўрлик билан йўқотилган»

Клара Сооронкулова

Олий суднинг Конституциявий палатасининг собиқ судьяси Клара Сооронкулова Инанди ўғирланмай, «зўрлик билан йўқотилган» деб ҳисоблайди. Сабаби одам ўғирлашда бир ёки ундан кўп киши ўз ташаббуси билан ўғирлайди. «Зўравонлик билан йўқотиш» эса давлат ёки унинг махсус хизмати томонидан, унинг розилиги ёки ёрдами билан қилинади.

Сооронкулова «зўравонлик билан йўқотиш» одамзодга қарши жиноят бўлиб ҳисобланишини қўшимча қилди.

*Жогорку кенеш барча одамларни зўравонлик билан йўқолишидан сақлаш бўйича халқаро конвенцияни бугунги кунгача ратификациядан ўтказмаган, бироқ Жиноят кодексида «Зўравонлик билан йўқотиш» моддаси бор. 2019 йили ҳукумат мазкур конвенцияга қўшилиш масаласини қараган, бироқ ҳамон натижа йўқ.

«Улар [Инандини ўтказиб бериш бўйича] расмий турда илтимоснома юбориши керак эди, бироқ Конституцияда бизни фуқароларни ўтказиб бериш тақиқланган. Масалан, у бошқа давлатнинг ҳудудида жиноят қилганда — агар мамлакатлар ўртасида келишув бўлса — уни [чет] мамлакат ўтказиб беришни сўраса бўлади. бироқ бу ҳолда ҳаммаси суд процедуралари билан бўлиши керак — улар [Туркия] у жиноят қилганини исботлаб бериши керак», — деди Сооронкулова.

Шунингдек юрист давлатлар орасида келишув йўқ бўлса, яна суд бўлиши кераклигини таъкидлади. Сооронкулова «Сапат» лицейларининг ўқитувчилари Синан Йилмаз билан Санжар Абдулхакимнинг воқеасини мисол қилди.

2019 йили турк ҳукумати Йилмаз билан Абдулхакимни Қирғизистондан экстрадициялашни сўраган. Бош прокуратура бу илтимосни қаноатлантириб, уларни Туркияга ўтказиб бериш ҳақида қарор чиқарган. Шунингдек, Йилмаз ва Абдулхаким МХДҚнинг тергов изоляторига киритилган.

«Сапат» ўқитувчиларининг адвокатлари Биринчи май туман судига мурожаат қилиб, улар Қирғизистондан бошпана сўраганини билдиришган. Шу сабаб Биринчи май туман суди 2019 йилнинг декабрь ойида бош прокуратуранинг қарорини бекор қилган. 2020 йилнинг бошида Бишкек шаҳар суди бу қарорни кучида қолдирган.

Бундан ташқари, Сооронкулова Беларус қочқин президент Курманбек Бакиевни Қирғизистонга қайтармаётганини ҳам мисол қилди. Қирғизистон суди Бакиевни сиртдан умрбод ҳукм қилишига қарамай, Беларус буни «сиёсий таъқиб» деган сабаб билан беришдан бош тортмоқда.

«ИИВ қонунни яхши билмайди»

«Фарғона водийсининг чегара билмас юристлар» жамоат бирлашмасининг асосчиси Азизбек Ашуров ИИВни Инандини фуқаролигини текшириш ҳаракатларини танқид қилди. Ашуров «Қирғиз Республикасининг фуқаролиги» ҳақидаги қонуннинг 6-моддасига таяниб, бошқа давлатнинг фуқаролиги бор қирғиз фуқароси «Қирғизистон фуқароси саналишини» эслатиб ўтди.

«Бизнинг фуқароларнинг бошқа фуқаролиги бўлишига қонунда йўл берилган. Сабаби айтмаса ҳам маълум: бизнинг минглаган фуқаролар чет ўлкада бошқа фуқаролик олиб, қирғиз фуқаролигидан чиқишмаган, бунинг устига бу халқаро тажриба. Ҳар бир ўлка ўз фуқароларини сақлаб қолишдан манфаатдор бўлиши керак», — деб ёзди. Ашуров.

Шунингдек Ашуров бошқа фуқаролик олишга давлат ходимларига чеклов киритилганини қўшимча қилди.

«Шу сабаб бошқа фуқаролиги тасдиқланса ҳам, бизнинг фуқаролар ўлканинг фуқароси сифатида тан олиниб, унинг ҳимоясида бўлиши керак», — деб тушунтирди Ашуров.

Орхан Инандининг ўғирланиши

Орхан Инанди 2021 йилнинг 31 майида ўғирланган. Бунга президент Садир Жапаров реакция билдириб, МХДҚ билан ИИВга Инандини топиш учун қўшимча кучларни сафарбар қилишни топширган.

Бу орада «Сапат»нинг юзлаган битирувчилари ва ходимлари митингга чиқиб, Инандини топишни талаб қилишган. Кейин улар Инандини Туркиянинг махсус хизмати ўғирлаган деб тахмин қилишган.

Орадан бир ой ўтгандан сўнг Инандининг аёли билан унинг тарафдорларининг хавотирлари тасдиқланди. Туркиянинг президенти Режеп Тайип Эрдоган 6 июлга ўтар кечаси ўзи Инанди Туркиянинг махсус хизмати томонидан олиб келинганини маълум қилди.

Туркия ҳукумати Инандини «террористик ташкилот тузиш ёки бошқаришда» айбламоқда. Режеп Тайип Эрдоган Инандини ФEТОнинг* Марказий Осиё бўйича бош менежери деб атаган.

*ФEТО ёки «Фетхуллах Гуленнинг ҳаракати» Туркияда террористик ташкилот деб топилган. Бу туркчадан таржима қилинганда Fethullahçı Terör Örgütü (Фетхуллахнинг террористик ташкилоти) деган маънони англатади. Туркия ҳукумати диний ташвиқотчи «Фетхуллах Гуленнинг ҳаракатини» 2016 йилдаги тўнтарилишда айблаб, уларни террористик ташкилот деб атаган. Бироқ Гулен бу айбловларни инкор қилиб келади.

Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Айбек Артикбаев Туркия 2019 йили бу айбловлар асосида Инандини экстрациялаш бўйича сўров юборганини билдирган. Бироқ Инанди 2012 йилдан бошлаб Қирғизистон фуқаролигини олгани сабаб қирғиз ҳукумати Туркиянинг илтимосини қаноатлантирмаган.

ТИВ Туркиянинг элчиси Ахмет Доганга нота топшириб, Инандини Қирғизистонга қайтаришни талаб қилди. Доган Орхан Инанди Туркиянинг фуқароси эканини айтмоқда.