Таъмагирликда нумонланган «Кабарлар» агентлигининг етакчиси Умут Мукамбетова оқланди

273
Умут Мукамбетова

Бишкекнинг Ленин туман суди «Пора талаб қилишда» айбланган «Кабарлар» маълумот агентлигининг етакчиси Умут Мукамбетовани оқлади. Бу ҳақда «Кабарлар» нашри маълум қилди.

Мукамбетова жиноят аломатлари йўқ бўлгани сабаб оқлангани хабар қилинмоқда. Ҳукмни судья Марлен Тентимишов 1-июлда чиқарди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Кабарлар» агентлигининг етакчисини шу йилнинг 22-февралида қўлга олган. Терговнинг версияси бўйича, Мукамбетова сайтдан маст ҳолда қўлга олинган ҳайдовчининг видеосини ўчириш учун ундан 84 минг сом талаб қилган.

«Кабарлар» агентлигининг ходимлари Мукамбетовани сайтнинг обрўсини тушириш мақсадида қўлга олишди деб билдиришган. Журналистларнинг айтишича, уларнинг етакчиси қўлга олингунча «Кабарлар» сайтига хакер ҳужумлар ҳам бўлган. Шунингдек, агентликнинг ходимлари уларга кимлардир қўнғироқ қилиб, айрим сиёсатчилар ҳақида негатив мақола чиқармасликни талаб қилганини таъкидлашди.

Шунингдек, Мукамбетовага мурожаат қилган одам матбуот анжумани ўтказишни режалаштирганини айтишган. Ходимларнинг айтишича, у «маст ҳолда машина ҳайдаб қўлга тушган воқеа ҳақида айтиб беришни» истаган.

«Мукамбетова ёрдамлашишга рози бўлган. Сабаби у мурожаат қилган одам билан шахсан танишлиги учун ёрдам беришни хоҳлаган. Кейин Аскар “Жаннат” меҳмонхонасида матбуот анжумани ўтказиш учун унинг ҳаражатларига 20 минг сом беришга ваъда берган», — деб билдиришди агентликдан.

Бундан ташқари, журналистлар ариза ёзган «Аскар» исмли одамнинг шахсини аниқлашган — у маст ҳолда Бишкекнинг патрул милицияси томонидан қўлга олинганда кимгадир қўнғироқ қилиб, «Садир Нургожоевич, мен уйга бораманми?» деб сўрагани билан жамоатчиликка танилган.

Бу видео жамоатчилик орасида тарқалиб, қизғин муҳокама қилинган. «Кабарлар» агентлигидан бу видеони улар тарқатмаганини ва унинг тарқалишига сайтнинг алоқаси йўқлигини билдиришган.