Рискелди Момбеков «Қумтўр иши» бўйича МХДҚга сўроққа чақирилди

225
Рискелди Момбеков

МХДҚ 1 июлда депутат Рискелди Момбековни сўроққа чақирди. Маълумотни Момбеков бир неча ОАВга тасдиқлади.

«Менга кеча чақирув бериб кетишди. Унда қайси иш бўйича сўроқ қилиши ҳақида маълум қилинган эмас. Менимча Қумтўр ишига боғлиқ шекилли. Сабаби бунгача мазкур иш бўйича махсус хизматга сўроқ берганман», — деди у «Азаттык»қа.

Биринчи марта Момбеков «Қумтўр иши» бўйича 1 июнда чақирилган. Бироқ депутат терговчи чақирув қоғозини юборгани учун сўроққа боришдан бош тортганини билдирган. Кейинчалик МХДҚ Момбековга чақирув қоғозини берган.

Момбеков Қумтўр конини ишлатган «Қумтўр Голд Компани»нинг фаолиятини текширган давлат комиссиясининг аъзоси. Мазкур комиссия олтин қазувчи компания Давидов ва Лисий музликларини бузиб, Қирғизистоннинг экологиясига зарар келтирганини аниқлаган.

Шунингдек давлат комиссияси «Қумтўр Голд» ва унга эгалик қилган Centerra Gold Inc. компаниясидан 4,2 млрд доллар ундиришни таклиф қилган. Комиссиянинг раиси Акилбек Жапаровнинг айтишича, асосий сумма бу компаниянинг экологияга келтирган зарари — 3 млрд 86 млн доллар, солиқ зарари — 1 млрд 166,5 млн доллар.

7 майда Октябрь туман суди «Қумтўр Голд Компани»дан давлат фойдасига 261,7 млд сом компенсация ундириш қарорини чиқарган. Кейинчалик суд олтин қазувчи компанияни қўшимча 2,1 млрд сом тўлашга буюрди.

Бундан ташқари, МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев Жогорку Кенешнинг 17 майдаги йиғинида Қумтўр конига боғлиқ тўрт судгача текширув иши очилганини маълум қилган.

Уларнинг бири «Кумтөр Голд Компани» ишхонаси экология талабларини сақламагани бўйича. Қолган уч иш олтин қазувчи компания билан шартномаларни тузган, солиқ ва мажбурий тўловлардан бўшатган, шунингдек «Қумтўр Голд Компани»га разведка учун қўшимча ер берган Қирғизистоннинг мансабдор шахсларига нисбатан қўзғалган.

Махсус хизмат «Қумтўр иши» бўйича собиқ премьер-министрлар Мухаммедкалий Абилгазиев, Ўмурбек Бабанов, собиқ вице-премьерлар Тайирбек Сарпашев, Алмазбек Баатирбеков, депутатлар Асилбек Жеэнбеков, Тўрўбай Зулпукаров, собиқ депутатлар Исхак Пирматов, Талантбек Узакбаев, президент аппаратининг собиқ етакчиси Данияр Наримбаев ва «Кыргызпатент» бошчиси Динара Молдошевани қўлга олган.

Ҳозирда Сарпашев билан Молдошевадан бошқаси МХДҚнинг тергов қамоғида.