Орхан Инанди йўқолганига 25 кун бўлди. Бишкекда навбатдаги митинг ўтди

Орхан Инандини топилишини талаб қилган акция. Сурат: Архив

Бишкекда ҳукумат уйи олдида «Сапат» билим бериш муассасасининг президенти Орхан Инандини топилишини талаб қилган 100дан ортиқ одам яна митингга чиқди. Уларнинг «Инанди топилсин» деган акцияси 25 кундан бери давом этмоқда.

Митингга чиққан фуқаролар «ҳукумат ишласин», «инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинсин», «фуқаровий жамият ҳимоя қилинсин», «Орхан Инанди топилсин», «қирғиз фуқароси топилсин» деган шиорларни айтишган.

Акция иштирокчиларининг орасида тўкма оқин Кубат Тукешов ҳам бор. У ўз сўзида Инандини «Дуйшўн» деб атаб, «қирғизларни билимга ва илмга ундади» деб таъкидлади.

«Биродарлар, чарчамайлик. Кайфиятимизни туширмайлик, домламиз топилади. Ҳозирги замонда одамнинг ҳаёти қадрланмайди. Шундай вақтда ҳаммамиз бирлашиб, фуқаро Орхан Инанди топилсин деяпмиз. Иттифоқ қулаган вақтда Орхан домламиз келиб, билимга чанқоқ қирғизни билим-илм билан суғорган киши», — деди Тукешов.

Уч боласи ҳам «Сапат»да билим олган ота-оналарнинг бири ҳамон ҳукуматдан «илиқ жавоб бўлмади» деди. У президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, ундан Инандини соғ-омон топиб беришни сўради.

«Орхан Инанди бизнинг билим олишимизга катта ҳисса қўшган. Асосийси у қирғиз фуқароси. Мен давлатимиз раҳбари Садир Нургожоевичдан бошимни эгиб ички ишлар органларининг ишини назорат қилиб, Орхан Инандини эсон-омон топиб беришни сўрайман. Илмли, билимли, профессор болаларни етиштирган киши топилмаслиги уят», — деди у.

Тинчлик митингининг иштирокчилари акция Инанди топилмагунча давом этишини қўшимча қилиб, ҳукумат уйидагиларни бефарқ бўлмасликка чақиришди.

Инандининг йўқолиши ва уни қидириш

Орхан Инанди Туркияда туғилган. Халқаро «Сапат» билим бериш муассасасини тузган тўрт кишидан бири. У Қирғизистонда 1995 йилдан бери яшайди. 2001 йилдан бошлаб «Сапат» мактабининг президенти сифатида ишлайди. У 2021 йилнинг 31 майидан бери бедарак бўлмоқда.

1 июнда маҳаллий милиция барча ҳудудларга йўлланма юборган. Судгача текширув бошланган. Инандини қидиришга Бишкекнинг Октябрь туман ИИБида тергов гуруҳи тузилган.

Кейинчалик президент Садир Жапаров МХДҚ билан ИИВга Инандини топиш учун қўшимча кучлар жалб қилишни топширган. У ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига яшаш жойини аниқлаш бўйича тегишли қидирув ишлари олиб боришни топширган.

2 июнда ИИВ «Одам ўғирлаш» моддаси билан жиноий иш қўзғалганини билдирган. Муассаса бу иш бўйича судгача текшириш ишлари ички ишлар вазири Улан Ниязбековнинг назоратида эканини таъкидлаган.

8 июнда ички ишлар вазирининг ўринбосари Нурбек Абдиев Орхан Инанди Интерпол орқали қидирилаётганини билдирган.

Human Rights Watch (HRW) халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти «Сапат» мактабларининг президенти Орхан Инандига боғлив билдирув қилиб, қирғиз ҳукуматини Орхан Инандини ўғирланишини текширишга ундаган.

Ташкилот Инандини Туркияда террористик деб ҳисобланган Фетхуллах Гуленнинг ФEТО* жамоат ташкилоти билан алоқаси бор дейилгани учун ўғирлаб кетишганини инкор қилмайди.

Садир Жапаров Туркияга бўлган ташрифида Туркия президенти Режаб Тоййиб Эрдўған билан бедарак йўқолган Орхан Инанди ҳақида сўз бўлганини билдирган.

Унда Жапаров турк президентидан Инандининг йўқолиши бўйича маълумоти бор-йўқлигини сўраган. Бироқ Режаб Тоййиб Эрдўған уни танимаслигини, «ФEТОчилар ҳақида билгиси ҳам келмаслигини айтган» деб билдирган президентнинг матбуот хизмати.