Жалолобод шаҳар кенгашининг депутати Тай-Мурас Ташиев 22 июндаги йиғинда мериянинг коронавирусга қарши ишини танқид қилди. Унинг айтишича, у ишлатган кафега маҳаллий ҳукумат органлари бирор марта боришмаган.
Бу билдирувни Ташиев вице-мер Гулбарчин Таштанбековага COVID-19 тарқалишига қарши қандай ишлар бажарилаётгани бўйича савол берганда айтди. У Таштанбековага «ҳеч нарса қилмадинглар» деди.
«Қилган ишингизнинг натижаси ноль. Ҳеч нарса қилмадингиз. Шунга бугун ковид кўпаймоқда. Нима ишлар қилдингиз, шуларни аниқ айтингчи. Суратга тушишдан бошқа нима иш қилдингиз […] Мен ўзим кафе ишлатаман, бирор марта бормадинглар. Бир марта! Кафеларда ҳеч ким ниқоб тақмади, администратордан тортиб официантгача ниқоби йўқ. Боринглар чора кўрмайсизларми уларга», — деди у.
Ташиевнинг танқидидан кейин Таштанбекова тадбиркорлар жарима миқдори озлигидан уларни менсимаётганини билдирди.
«Жариманинг миқдори 1000-3000 сомгача бўлгани учун кўп тадбиркорлар «жарима тўласам бўлди» деб бефарқ муносабатда бўлган ҳолатлар кўпаймоқда», — деди у.
Депутат «ҳукумат қўлингизда, милиция билан чиқиб текширинглар» деб жавоб қайтарди. Шу билан бирга депутатларнинг йиғинида бир неча кишилар ниқобсиз ўтирганини кўриш мумкин. Ташиев сўзлаган вақтда ниқобини ечиб қўйган.
Коронавирусга қарши тезкор штаб 1 июлдан бошлаб Жалолобод шаҳридаги тўйхоналарни вақтинча ёпиш қарорини қабул қилди.
Бундан ташқари, 22 июндан бошлаб коронавирусни олдини олиш мақсадида вилоят туғруқхонаси, «Кадастр» давлат муассасасининг вилоятдаги филиали, Сузоқ тумани ҳудудидаги болалар боғчалари вақтинча ёпилди.
23 июнга кўра Қирғизистонда коронавируснинг янги 738 ҳолати аниқланди — унинг 60 Жалолобод вилоятида. Шунингдек бир суткада касалликдан саккиз киши вафот этди — унинг бири Жалолободнинг турғуни.