«Ата Мекен»даги инқироз. Фракция бир йил ичида уч лидер алмаштирилди

51

Депутат Наталя Никитенко парламентнинг 23 июндаги йиғинида «Ата Мекен» фракциясида лидер алмашганини билдирди. Сайдулла Нишановнинг ўрнига Шерали Абдилдаев сайланди.

Бироқ Нишанов бунга рози бўлмай, лидерни алмаштириш қарорини ноқонуний деб билдирди. Фракция аъзолари айтишиб кетиб, натижада парламент йиғини 10 дақиқа тўхтатилди.

Ишонч кўрсатмаслик

Никитенконинг айтишича, 21 июнда «Ата Мекен» фракциясининг йиғини ўтиб, унда фракция лидери Сайдулла Нишановнинг ваколатини муддатидан олдин тўхтатиш қарори қабул қилинган. Фракция аъзолари унга ишонч кўрсатмаслик қарорини қабул қилишган.

«Мазкур қарор йиғинга қатнашган фракция аъзоларининг кўпчилик овози билан қўллов топган [...] «Ата Мекен» фракциясида 11 аъзо бор. Демак бу бўйича фракциянинг 7 аъзоси мазкур қарорга овоз берган — бу учдан иккиси», — деди у.

22 июнда фракция лидерлигига депутат Шерали Абдилдаев сайланган.

«Бу ноқонуний»

Нашинов ўз навбатида уни «Ата Мекен» фракциясининг лидерлигидан олиш ва унга ишонч кўрсатмаслик қарори етарли овоз олмаганини билдирди.

«Бизда 11 депутат бор, лидерга ишонч кўрсатмаслик қарорини учдан иккиси қўллаши керак. Аниқроғи, 8 депутат овоз бериши керак бўлса, амалда 7 нафари овоз берган»,— деди Нишанов.

У фракция лидерини алмаштиришга юридик баҳо беришга чақирди.

Тортишув

Лидер алмашгани эълон қилингандан кейин депутатлар Наталя Никитенко, Айсулуу Мамашова, Сайдулла Нишанов ва Шайлообек Атазов ўртасида жанжал чиқди. Атазов Нишанов олингунча унинг ўринбосари бўлган.

Натижада Атазов Нишановга ён босиб, партия номзодларининг рўйхатидаги олдинги ўнликдаги халқ вакилларини ортга қайтариш кераклигини билдирди.

«Муҳими айрим партиялардаги 315 овоз олиб олдинги ўнликда турганларнинг ҳаммасини кетказиш, 300 минг доллар ташлаб қўйиб Дубайда ўйнаб юрибсизлар экан. Орқадаги 30-40и [партия рўйхатидагилар] ҳаммаси овоз олиб келади. Сизлар бу ерда талтайиб ўтирибсизлар беш йилдан бери. Аслида фракция лидерини сайлашда олти овоз олган. Бу ерга олиб, кўтармаслик керак эди. Ҳаммангизни, шу ўнликнинг барини, керак бўлса орқага тортиш керак*. Сайдулла Нишановга ишонмасликка асос йўқ бўляпти», — деди Атазов.

*Партиянинг 2015 йилдаги рўйхатида олдинги ўнликда тўрт одам қолган — Наталя Никитенко (рўйхатда №4), Бахадир Сулейманов (№7), Айсулуу Мамашова (№8) ва Сайдулла Нишанов (№9).

Йиғинга раислик қилган вице-спикер Нурбек Сидигалиев масалани фракция ичида ҳал қилишни таклиф қилиб, 10 дақиқалик танаффус эълон қилди. Кейин йиғин давом этди.

«Ата Мекен» партиясининг парчаланиши

«Ата Мекен» — парламентдаги ягона мухолифат партия. Унинг лидери кўп йиллар давомида депутат Ўмурбек Текебаев бўлган. Партия Аскар Акаев, Курманбек Бакиев ва Алмазбек Атамбаев даврида ҳам мухолифатда эди.

Атамбаев президент бўлган вақтда Текебаев у билан очиқ олишган. Ўша даврда Текебаев бошчилигидаги «Ата Мекен» партияси Атамбаев таклиф қилган Конституцияга тузатишларига қарши чиққан.

2017 йили февралда Текебаев коррупцияда гумон қилиниб қўлга олинган, 2019 йили август ойида Сооронбай Жээнбеков президент бўлиб келганда уй қамоғига чиқарилган. Шу йили Текебаевга нисбатан ҳукмлар бекор қилиниб, унинг иши қайти кўриб чиқишга юборилган.

Партия эса тарқала бошлаган: 2019 йилнинг декабрь ойи охирида фракция лидери ва партия аъзоси Алмамбет Шикмаматов Текебаев билан келишолмай «Ата Мекен» партиясидан кетган. Унинг айтишича, иккисининг орасидаги келишмовчиликлар «уч ухлаб ҳам тушига кирмаган». Шу билан бирга партиядан Ташполот Балтабаев, Талант Узакбаев, Рисбек Мирзаматов ва Болот Шер кетган.

2020 йили октябрда МСК Ўмурбек Текебаевнинг мандатини қайтариб берган — сиёсатчининг фойдасига депутат Садик Шер-Нияз мандатидан бош тортган. Бироқ фаол ва шоир Темирлан Ормуков Текебаев мандатни ноқонуний олган деб МСКнинг қарори устидан судга шикоят қилган. Натижада Ормуков судда ютиб, мандат Шерали Абдилдаевга ўтган.

Текебаев кетгандан кейин 5 январда фракция лидери бўлиб Айсулуу Мамашева сайланган. «Ата Мекен» фракциясининг янги лидери бўлиб Сайдулла Нишанов сайланган. Унинг ўринбосарлигига Шайлообек Атазов келган.