Бишкекда «Сапат» билим бериш муассасасининг президенти Орхан Инандини топилишини талаб қилган 300дан ортиқ одам яна митингга чиқди. Уларнинг «Инанди топилсин» деган акцияси 16 кундан бери давом этмоқда.
Инандининг тарафдорлари олдин ҳукумат уйи олдига йиғилиб, кейин акцияни Жогорку Кенеш биноси олдида давом эттиришди. Акция иштирокчилари парламентнинг ялпи йиғинида Инандини излаш масаласи қаралсин деган талабни қўйишди.
Митингга чиққан фуқаролар «ҳукумат вакиллари самарали ишласин», «инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинсин» ва «Орхан Инанди қирғиз фуқароси» деган шиорларни айтишган.
Митингда модераторлик қилган бошловчи Нурсултан Майназаров Орхан Инанди топилмагунча акция тўхтамаслигини билдирди.
«Биз 16 кундан бери Орхан Инандини қўллаш акциясини давом эттиряпмиз. Бугун парламентнинг ялпи йиғинида бу масалани кўриб чиқамиз дейишган. Яхши умид билан яхши хабар айтади деб кутяпмиз. Ички ишлар вазири ва ташқи ишлар вазири самарали ишлашини умид қиламиз. Биз акцияни бошлагандан бери давлатга зарар келтирмадик. Фақатгина ҳукумат вакилларидан Инанди домлани топиб беришни талаб қиляпмиз», — деди у.
Шунингдек, Майназаров «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасининг фойдаси йўқлигини таъкидлади. Унинг айтишича, шаҳардаги видео кузатув камералари орқали йўқолган одамни топишса бўларди. Бироқ Қирғизистонда бу тизим «ишламайди» ва «фойдасиз нарса экан» деб таъкидлади.
Орхан Инандининг аёли Рейхан 6 июнда видео мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи Туркия элчилиги биносида ушлаб турилгани ҳақида маълумоти борлигини айтган.
Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Ахмет Доган Орхан Инанди «элчилик биносида ушлаб турилибди» деган маълумотни рад этганини ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Айбек Артикбаев билдирган.
Ўз навбатида ИИВ 9 июнда Орхан Инандини қидириш вақтида 164 жиноят фош бўлганини маълум қилди.
Орхан Инандининг йўқолиши
«Сапат» билим бериш муассасасини ва «Ала-Тоо» халқаро университетга асос солган Орхан Инандини 31 майдан 1 июнга ўтар кечаси номаълум одамлар ўғирланган. Бишкек шаҳрининг Октябрь туман ички ишлар бўлими уни қидириш учун махсус гуруҳ тузилганини маълум қилган.
1 июндан бошлаб Бишкекда Туркиянинг Қирғизистондаги элчилиги олдида, ҳукумат уйи ва Оқ уйнинг олдида Орхан Инандини топилишини талаб қилган акциялар бўлиб ўтмоқда, ҳамон тўхтамади.
Бундан ташқари, 2 июнда Ўш шаҳрида «Сапат» турк лицейида ўқиган ўқувчиларнинг ота-оналари матбуот анжумани ўтказиб, президент Садир Жапаровга ва МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга мурожаат қилишган. Улар Орхан Инандини эсон-омон топишни ва «Сапат» лицейини сиёсатга аралаштирмасликни талаб қилишган.
Инандининг йўқолишига давлат раҳбари Садир Жапаров ҳам муносабат билдириб, МХДҚ билан ИИВга бедарак йўқолган қирғиз фуқаросини топиш учун қўшимча кучларни сарфлашни топширган. ИИВ «Одам ўғирлаш» моддаси билан судгача текширувни бошлаган. Шунингдек ИИВ Орхан Инандига Интерпол орқали қидирув эълон қилингани хабар қилинди.
Садир Жапаров Туркияга бўлган ташрифида Туркия президенти Режеп Тайип Эрдоган билан бедарак йўқолган Орхан Инанди ҳақида сўз бўлганини билдирган.
Унда Жапаров турк президентидан Инандининг йўқолиши бўйича маълумоти бор-йўқлигини сўраган. Бироқ Режеп Тайип Эрдоган уни танимаслигини, «ФEТОчилар ҳақида билгиси ҳам келмаслигини айтган» деб билдирган президентнинг матбуот хизмати.