Рўйхат: Бишкек, Ўш ва Тўқмоқда қайта сайловга қатнашишни истаган партиялар аниқланди

233

Бишкек, Ўш ва Тоқмоқ шаҳар кенгашига қайта сайловга номзодларни рўйхатга олиш якунланди. Марказий сайлов комиссияси 14-июнда сайловга қатнашмоқчи бўлган партияларнинг рўйхатини эълон қилди.

Унга кўра, Бишкек шаҳар кенгашига 11-апрелдаги сайловга қатнашганлардан «Ата-Журт Кыргызстан», «Эмгек», «Реформа», «Биздин Эл», «Замандаш», «Ынтымак», «Социал-демократтар», «Ишеним», «Улуу-Журт» ва «Кыргызстандын жашылдар партиясы» қайта қатнашиш ниятини билдирди.

Бундан ташқари, «Күч бирдикте», «Жаңы-мезгил», «Борбор», «Туран», «Биздин Кыргызстан», «Өнүгүү-Прогресс» ва «Келечек-Будущее» партиялари сайловга қатнашишни кўзламоқда.

Ўш шаҳар кенгашига сайловга «Ынтымак», «Улуу-Журт», «Бир бол», «Бүтүн Кыргызстан», «Ата-Журт Кыргызстан», «Улуттар биримдиги» партиялари қайта қатнашишни ниятини билдирди.

Шунингдек депутатлик мандат учун «Биздин Кыргызстан», «Келечек-Будущее» ва «Нур» партиялари куч синашмоқчи.

Тоқмоқда эса сайловга яна «Эл биримдиги», «Бирге-Вместе», «Ата-Журт Кыргызстан» ва «Эмгек» партиялари қатнашмоқчи. Бундан ташқари сайловга «Патриот ынтымагы», «Асыл Мурас жаштары» партиялари қатнашиш ниятида.

Қайта сайловга қатнашиш учун умумий 25 партия маълумот берган. Уларнинг орасида «Ата-Журт Кыргызстан» партияси уч шаҳарда ҳам қатнашмоқчи. Бунгача Ўш шаҳар кенгашига сайловда қатнашган партиялар мазкур партияни маъмурий ресурсдан фойдаланишда ва овоз сотиб олишда айблаган.

Шунингдек, партиянинг таркиби 42% фоиз давлат ходимларидан иборат.

Сайловнинг бекор қилиниши

Бишкек, Тоқмоқ ва Ўш шаҳар кенгашларига депутатларни қайта сайлаш 11-июлга тайинланган. Сабаби МСК мазкур шаҳар кенгашларида 11-апрелда ўтган сайловни бекор қилган.

Бу қарорга мазкур шаҳарлардаги участкаларда сайловчилар оммавий рўйхатга олиш, овоз сотиб олиш, маъмурий ресурсдан фойдаланиш ва қонун бузишлар оммавий сифатга эга бўлгани сабаб бўлган.

Шунингдек депутатларни сайлаш билан бирга ўтган Бош қонунни ўзгартириш бўйича референдумнинг натижаси бекор қилинмаган.

Бундан ташқари, МСК аъзолари сайлов натижасини бекор қилишга сабабчи бўлган номзодларни қайта сайловга қўймасликни таклиф қилишган.

Бекор қилинган сайловнинг натижасида Бишкекда «Эмгек», «Ак-Бата», НДПК, «Ата-Журт Кыргызстан», «Ынтымак» ва «Биздин Эл» партиялари 7%лик бўсағадан ўтган.

Ўшда «Ата-Журт Кыргызстан», «Улуттар биримдиги» ва «Ыйман нуру» партияси олдинга чиққан. Тоқмоқда эса «Эмгек», «Бирге», «Эл биримдиги» ва «Республика» партиялари сайловда ғолиб бўлган эди.