Ноқонуний бойишда гумонланган божхоначи Нурбек Айтмаматов икки ойга қамалди

225
Божхоначи Нурбек Айтмаматовнинг қўлга олиниши. Сурат: МХДҚнинг матбуот хизмати

Жанубий-ғарб божхонасининг етакчиси Нурбек Айтмаматов 10 августгача МХДҚнинг тергов қамоғида сақланади. Бу қарорни Биринчи май туман суди 12 июнда қабул қилди.

Айтмамтовни 10 июнда махсус хизмат «Ноқонуний бойишда» гумон қилиб қўлга олган. МХДҚнинг маълумотига кўра, божхоначи ноқонуний топган даромадларини легаллаштириш учун 4,5 млн долларга 30 элита квартирани ва 1 млн долларга 10дан ортиқ машина олган.

Махсус хизмат божхоначи ўзининг ваколатларидан фойдаланиб, жанубий-ғарб божхонасидаги товарларни нотўғри декларациялаш учун коррупция схемалардан фойдаланиб, товарларни ёлғон транзитини уюштириб, яширин даромад олиб турганини билдирган.

Айтмаматов «Кактус» нашрининг текширувидан кейин қўлга олинди. Мазкур нашрнинг журналисти Марат Уралиев Айтмаматовнинг уч опасини ва онасини камида 2,5 млн долларлик мулкини аниқлаган.

Шунингдек, суриштирувда божхоначининг онаси Канимбу Кулбаева «Капитал Строй Инвест», «Рояль Констракшн», «Рояль Текстиль», «Ош-Коммуналщик» ва «Коммунтехсервис и К» компанияларига эгалик қилиши аниқланган.

Айтмаматовнинг аёли Чинара Матанова «НТС трейд» қурилиш компаниясининг асосчиларидан бири бўлиб кўрсатилган. Божхоначи етти боланинг отаси, уларнинг иккиси — 20 ёшдаги Нуржигит ва 18 ёшдаги Айдар эҳтимол АҚШдаги ўқув юртларининг бирида билим олишади.

Нурбек Айтмаматов ва Райимбек Матраимов

39 ёшдаги Айтмаматов божхонадаги карьерасини 2002 йили Ўшдаги «Кара-Мык» постида бошлаган. Кейинчалик у Ўшдаги «Достук», «Ынтымак» ва «Иркештам» божхона бекатларида ҳам назоратчи бўлиб ишлаган.

Шунингдек у 2015 йили Жалолободда, 2019 йили Нориндаги божхона бошқармасида ишлаган. 2020 йили у божхона хизматининг ички текширув ва коррупцияга қарши бошқармасининг етакчиси бўлиб тайинланган.

«Кактус» нашри Айтмаматов Райимбек Матраимовнинг яқин одамларидан бири деб тахмин қилган. Депутат Искендер Матраимов бу маълумотни инкор қилиб, Райимбек Матраимов Нурбек Айтмаматовни ишдан бўшатгандан бери уларнинг муносабати ёмонлашганини билдирди.

Райимбек Матраимов эса бунгача «Коррупция» моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 260 минг сом жаримага тортилган. Бунга у тергов билан ҳамкорлик қилиб, давлатга келтирган 2 млрд сомлик зарарни тўлаб бергани сабаб бўлган.

Кейинчалик МХДҚ УКМК Матраимовни жиноий даромадларни легаллаштиришда гумон қилиб, яна бир марта қамаган. Шу вақтда махсус хизмат Матраимов «ўз хоҳиши» билан давлатга 20 млн сомлик уйини ўтказиб берганини таъкидлаган.

Шунга қарамай, Матраимов қашшоқлашган эмас — «Клооп» ва OCCRPнинг журналистлари у жарима тўлагандан кейин деярлик 200 минг долларлик пентхаус олганини аниқлашган.