Контрабанда мавжудлигини журналистларга тасдиқлаган Самат Исабеков божхона хизматини бошқаради

237
Самат Исабеков

Иқтисод ва молия вазирлигига қарашли Давлат божхона хизматининг раиси бўлиб Самат Исабеков тайинланди. Тегишли буйруққа Министрлар кабинетининг раҳбари Улукбек Марипов 7 июнда қўл қўйди.

Ўша куни Исабековни божхона хизматининг жамоасига Министрлар кабинети раисининг ўринбосари, иқтисод ва молия вазири Акилбек Жапаров таништирди.

Самат Исабеков 1996 йилдан бошлаб божхона хизматида ишлайди. Шунингдек у 2012-2014 йиллари «Манас» аэропортининг ички текширув бўлимини бошқарган.

Исабеков «Клооп», «Азаттык» ва OCCRP олиб борган «Яширин карвон. Миллионлаган долларларни Қирғизистондан қандай қилиб нақд чиқаришади?» деган суриштирувда курьерлар контрабанда орқали Хитойга пул чиқариб турганини тасдиқлаган.

У ўлкадан миллионларни чиқаришда божхона хизмати эътиборсиз қолдиргани учун мукофот олиб тургани ҳақида очиқ айтиб берган.

«Аэропортга келганда албатта, юкни ўтказганда рентгендан кўринади. Пул экани билинади. Урумчига учаётганда ҳаммасини текширишади, пул кетишини билишадида. Шу сабаб пул ташиб юрган йирик тадбиркорлар ўзлари олдиндан қўнғироқ қилиб, «фалончасида, фалон рейсда, фалон сумма соламан» деб, ҳар бир миллион долларга 2 минг доллардан беришган», — деб тушунтирган Исабеков.

Давлат божхона хизматини бунгача Кадиржан Семетеев бошқарган. У мазкур хизматга 2020 йилнинг октябрида, Қирғизистонда ҳукумат алмашганда тайинланган эди. Семетеевни раҳбарликка ўша вақтда премьер-министр бўлган Садир Жапаров тайинлаган. Унгача муассасани Элнура Мамбетжунушева бошқарган.