«Sabah» нашри «Орхан Инанди Қирғизистонда қўлга олинди» деб ёзди

213

Туркиянинг «Sabah» нашри 7 июнда «ФEТО билан курашишнинг янги босқичи» деган мақолани эълон қилди. Унда мақоланинг муаллифи Хасан Ялчин «Сапат» билим бериш муассасанинг асосчиларидан бири Орхан Инанди Қирғизистонда қўлга олинганини билдирган.

Мазкур мақолада ФEТОнинг* аъзоларини қўлга олиш бўйича чет давлатларида олиб борилган операциялар натижасида ушланиб, Туркияга етказилгани ҳақида ёзилган.

*ФEТО — туркчадан таржима қилинганда Fethullahçı Terör Örgütü (Фетхуллахнинг террористик ташкилоти) деган маънони англатади. Туркия ҳукумати диний ташвиқотчи «Фетхуллах Гуленнинг ҳаракатини» 2016 йилдаги тўнтарилишда айблаб, уларни террористик ташкилот деб атаган.

Журналист Хасан Ялчин Гуленнинг Туркиядан ташқарида юрган тарафдорларини ўзларини хавфсизликда ҳис қилишлари янглиш эканини ёзган. Нашр бунга мисол қатори Фетхуллах Гуленнинг Кенияда ушланган қариндоши Селахиддин Гуленни кўрсатди. Туркиянинг миллий разведка хизмати Кенияда махсус операция ўтказиб, уни Туркияга етказган.

Мақоланинг муаллифи Фетхуллах Гулен ФEТО ҳаракати аъзоларинигина эмас, ўзининг қариндошларини ҳимоя қилолмай қолган ҳолга тушиб қолди деб таъкидлаган.

«Мен бу мақолани ёзаётганимда Қирғизистондан муҳим хабар келди: «ФEТОнинг Ўрта Осиёдаги имоми Орхан Инанди қўлга олинди». Бу каби ташкилотларни қулатишнинг энг осон йўли — ташкилотнинг лидерини қулатиш. Бунгача ФEТО ташкилотининг ўлка ичидаги (Туркиядаги) фаолиятига нуқта қўйилган. Энди чет ўлкадаги операциялар орқали бутун дунёдаги фаолиятини тўхтатишга ҳаракат қилинмоқда. Кучли мамлакатлар ўз душманини дунёнинг турли жойларидан топа олади», — деб ёзган Ялчин.

Аввалроқ, 1 июнда, Habererk нашри Инандини «Женгиз Иншат» авиакомпаниясининг самолёти билан Қирғизистондан чиқариш учун у Бишкекнинг аэропортига етказилгани хабар қилинган. Бироқ қирғиз ҳукумати «бунга йўл бермаган», шу сабаб Инанди Туркиянинг Қирғизистондаги элчилигида ушлаб турилибди деб хабар қилди нашр.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари 1 июнда «Манас» халқаро аэропортига ҳақиқатдан ҳам турк самолёти қўнганини ёзиб, у Инандини олиб кетиш учун Туркиядан келган деб тахмин қилишган. Бироқ аэропортнинг матбуот котиби Алия Курбанова бу маълумотни инкор қилиб, мазкур самолёт 1 апрелдан бери Қирғизистон ҳудудида бўлганини ва ўлка ҳудудидан чиқмаганини билдирган.

Шунингдек, Курбанова бу самолёт «Эти Бакир Терексай» олтин қазувчи компанияга хизмат қилишини қўшимча қилган.

Инанди Туркиянинг элчилигида ушлаб турилгани ҳақидаги маълумот борлигини аёли Рейхан Инанди 6-июнда билдирган. Унинг айтишича, Туркия элчилигида Орхан Инандини «қийноқ йўли» билан Қирғизистон фуқаролигидан бош тортиш ҳақидаги аризани ёздириш ва Қирғизистондан олиб чиқишга ҳаракат бўлмоқда. 

«Ёлғон дейин десам, мана шундай йўл билан дунёнинг турли бурчидан Туркия мамлакати «Сапат» системасида ишлаган ўқитувчиларни «террорист» деган туҳмат билан Туркияга олиб кетмоқда. Бундай маълумотларни интернетдан топсангиз бўлади. Орхан Инандининг юраги Қирғизистон деб уради. Орхан домлани сақлаб қолайлик», — деган Рейхан Инанди.

Орхан Инандининг йўқолиши 

«Сапат» билим бериш муассасасини ва «Ала-Тоо» халқаро университетга асос солган Орхан Инандини 31 майдан 1 июнга ўтар кечаси номаълум одамлар ўғирланган.

Бишкек шаҳридаги Октябрь туман ички ишлар бўлими ҳозирча Инандининг қаерда экани ва уни кимлар ўғирлаб кетгани номаълум эканини билдирган. Шунингдек, уни қидириш учун махсус гуруҳ тузилганини маълум қилган.

Шу сабаб 1-июндан бошлаб Бишкекда Туркиянинг Қирғизистондаги элчилиги олдида, ҳукумат уйи ва Оқ уйнинг олдида Орхан Инандини топилишини талаб қилган акциялар бўлиб ўтмоқда.

Бундан ташқари, 2 июнда Ўш шаҳрида «Сапат» турк лицейида ўқиган ўқувчиларнинг ота-оналари матбуот анжумани ўтказиб, президент Садир Жапаровга ва МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга мурожаат қилишган. Улар Орхан Инандини эсон-омон топишни ва «Сапат» лицейини сиёсатга аралаштирмасликни талаб қилишган.

Инандининг йўқолишига давлат раҳбари Садир Жапаров ҳам муносабат билдириб, МХДҚ билан ИИВга бедарак йўқолган қирғиз фуқаросини топиш учун қўшимча кучларни сарфлашни топширган. ИИВ «Одам ўғирлаш» моддаси билан судгача текширувни бошлаган. 

Фетхуллах Гулен ва «Себат»/«Сапат»

«Себат» халқаро таълим муассасаси Қирғизистондаги фаолиятини 1992-йилдан бошлаган. Бугунги кунда ташкилотга ўлка бўйича 16 лицей, халқаро «Ала-Тоо» университети, халқаро «Силк Роад» мактаби ва 4 тўлиқ бўлмаган умум таълим мактаби киради. 

«Сапат»нинг муассасасига тегишли ўқув юртларида ўлка бўйича 10 мингдан ортиқ ўқувчи ва талаба билим олмоқда. 

«Сапат» ташкилотининг маълумотига кўра, лицейлар битирувчиларининг 12-14 умумреспублика тестида ҳар йили олтин сертификатларга эга бўлишади. 1996-йилдан бери «Сапат»нинг қирғиз-турк лицейларини умумий 13 474 ўқувчи тамомлаган. 

Таълим муассасаси турк диний ташвиқотчиси Фетхуллах Гуленга тегишли экани айтилади. «Себат»нинг директори Нурлан Кудайбердиев улар Гулен билан «норасмий» муносабатда бўлганини ва диний арбобнинг ҳисобидан молияланмаслигини айтган. 

Дунё бўйича умумий 150ка яқин мамлакатда Гуленга тегишли дейилган 1 400 мактаб борлиги маълум қилинди.

Режеп Эрдоган ва Фетхуллах Гулен

Гулен Туркиядан АҚШга 1999-йили даволаниш учун чиқиб, шу бўйича юртига қайтмаган — бунга аввалги ҳамкори, Туркиянинг амалдаги президенти Режеп Эрдоган билан келишмовчилиги сабаб бўлган. 

Эрдоган ва  Гуленнинг ўртасидаги низо 2016-йили кучайган. Ўша йили 16-июнга ўтар кечаси Туркиянинг Анқара шаҳрида ҳарбийлар гуруҳи «давлат тўнтариши» уюштиришга ҳаракат қилган. Турк ҳукумати тўнтарилишни босиб, натижада 249 киши ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиғи яралангани хабар қилинган. 

Кейинчалик Эрдоған бу тўнтаришда Фетхуллах Гуленнинг тарафдорларини айблаб, минглаган одамлар қўлга олинган. Бироқ Гулен бу айбловларни инкор қилган. 

Турк ҳукумати бу воқеалардан кейин дунё бўйича Гуленга тегишли дейилган мактабларни ёпишни ва ФЕТО ташкилоти аъзоларини ўтказиб беришни сўрана бошлаган. Бироқ собиқ президент Алмазбек Атамбаев унинг ўрнига «Себат» муассасасини «Сапат»га алмаштириб, асосчиларининг қаторига Фан ва таълим вазирлигини қўштирган. 

2018-йили Туркиянинг президенти Режеп Тайип Эрдоган Қирғизистонда расмий ташриф билан келганда собиқ президент Сооронбай Жээнбеков ўлкада «Сапат» лицейларига муқобил бўладиган қилиб Бишкекда Туркиянинг «Маариф» фондининг мактабларини очишга келишган. Йил бошида «Маариф» биринчи мактабини Бишкек шаҳрида очиши маълум бўлган. 

ИИВ раҳбарининг ўринбосари Мирлан Каниметов 2019-йили Туркия ҳукумати ФЕТОнинг Қирғизистондаги аъзоларини ўтказиб беришни талаб қилганини билдирган. Каниметовнинг айтишича, Туркия унинг ўрнига тадбиркор Айэркен Саймаитининг ўлими бўйича маълумот беришга ваъда берган.