Давлат раҳбари Садир Жапаров Ўш шаҳар мэри Таалайбек Сарибашовни қабул қилди. Унда Жапаров шаҳар раҳбарига шаҳар кенгашига бўладиган қайта сайловда ошкораликни таъминлашни, маъмурий ресурслардан фойдаланишга йўл бермасликни топширди.
Жапаров 11-апрелда ўтган маҳаллий кенгашларнинг депутатларини сайлашда айрим маҳаллий етакчилар ўтган воқеалардан сабоқ олмай, қонун бузишларга йўл берганини айтди. Шу сабаб Бишкек, Ўш ва Тоқмоқ шаҳарларида сайлов натижалари яроқсиз деб топилганини таъкидлади.
«Давлат раҳбари муниципал ёки бошқа хизматларнинг сайловга таъсир қилиш учун қилган барча ноқонуний ҳаракатларига қатъий чора кўрилишини таъкидлади. Президент Садир Жапаров таъкидлашича, шундай талаблар Бишкек ва Тоқмоқ шаҳарларига ҳам қўйилади», — деб ёзилади президент сайтидаги билдирувда.
Сайлов олдидан Ўш шаҳар кенгашига ўтган сайловга қатнашган бир қанча партия маъмурий ресурсдан фойдаланилаётганидан арзланишган. Шунингдек мэр Таалайбек Сарибашовнинг номи ҳам тилга олинган.
Бунгача «Клооп»нинг журналистлари Ўш шаҳар кенгашига номзодини қўйган одамларни текшириб, энг кўп муниципал ва давлат ходимлари «Ата-Журт Кыргызстан» билан қатнашаётганини аниқлаган. Шунингдек, мазкур партиянинг қаторига «Биримдик» партиясидан номзод бўлганлар қўшилганини маълум қилишган.
Сайлов натижасини бекор қилиш
МСК Тоқмоқ, Ўш ва Бишкек шаҳар кенгашларига 11-апрелда ўтган сайловни бекор қилган. Бу қарорга мазкур шаҳарлардаги участкаларда сайловчиларни оммавий рўйхатга олиш, овоз сотиб олиш, маъмурий ресурсдан фойдаланиш ва қонун бузишлар оммавий сифатга эга бўлгани сабаб бўлган.
Шу билан бирга депутатларни сайлов билан бирга ўтган Бош қонунни ўзгартириш бўйича референдум натижасини бекор қилмаган.
Бундан ташқари, МСК аъзолари сайлов натижасини бекор қилишга сабаб бўлган номзодларни қайта сайловга қўймасликни таклиф қилишган.
Бекор қилинган сайлов натижасида Бишкекда «Эмгек», «Ак-Бата», НДПК, «Ата-Журт Кыргызстан», «Ынтымак» ва «Биздин Эл» партиялари 7%лик бўсағадан ўтган.
Ўшда эса «Ата-Журт Кыргызстан», «Улуттар биримдиги» ва «Ыйман нуру» партияси олдинга чиққан. Тоқмоқда эса «Эмгек», «Бирге», «Эл биримдиги» ва «Республика» партиялари сайловда ғолиб бўлишган эди.
Мазкур шаҳарларда қайта сайлов 11-июлда ўтади. Унга 48,3 млн сом сарфланади.