Бишкекда маршруткаларнинг ҳайдовчилари иш ташлади. Акциянинг уюштирувчилари топилди

303
Иллюстратив сурат

2 июнда Бишкек шаҳридаги микроавтобусларнинг ҳайдовчилари ишга чиқишмади. Ҳайдовчилар йўл ҳақини кўтаришни талаб қилишмоқда.

Бу орада троллейбус ва автобусларга йўловчилар сиғмай, бекатларда тўпланган шаҳар турғунларини кўриш мумкин. Шунингдек яшовчилар таксистлар ҳам йўл ҳақини ошириб олганини айтиб шикоят қилишди.

Бишкек мериясининг шаҳар транспорт бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Эмил Ункуев «24.kg» нашрига маршрут ҳаракати соат 11:00да тикланишини билдирди.

«Биз йўловчи ташувчи фирмаларнинг раҳбарлари билан учрашдик. Бироқ ҳайдовчиларнинг кўпчилиги транспортни ижарага олишади, улар машиналарнинг ойналари синишидан қўрққани учун бугун чиқишмади. Ҳозир ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари масалани муҳокама қила бошлади. Иш ташлашнинг уюштирувчилари аниқланди», — деди Ункуев.

Йўл ҳақини ошириш масаласи

Бишкекда маршрут таксиларнинг ҳайдовчилари йўл ҳақини 15 сомгача ошириш талаби билан йил бошида ҳам иш ташлашган. Шу билан бирга автобус ва троллейбусларда йўл ҳақини 10 сомга кўтариш таклиф қилинган.

Ўша вақтдаги Бишкек мери вазифасини бажарувчи Балбак Тулўбаев маршрут таксилардаги тарифни ошириш тартибини ишга туширишга тахминан уч ой вақт кераклигини билдирган.

Кейинчалик йўл ҳақини ошириш бўйича қарор ишлаб чиқиб, уни иқтисод ва молия вазирлиги маъқуллаган. Бу қарорни Бишкек шаҳар кенгашининг депутатлари тасдиқлаб бериши керак.