Суракматовга алоқаси бор дейилган компанияларнинг бошида кимлар туради?

223

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 26 майда Бишкекнинг собиқ мери Азиз Суракматовни «коррупция» ва «ноқонуний бойишда» гумон қилиб қўлга олди. Махсус хизматнинг маълумотига кўра, Суракматов мер бўлганда йирик қурилиш компанияларга муниципал ерларни бериш бўйича коррупция схемасини тузган.

МХДҚ Суракматов ва унинг яқинларини активлари «асоссиз даромадларсиз» тез ўсганини таъкидлаб, собиқ мерга боғлиқ активларнинг нархини 50 млн долларга баҳолади.

Махсус хизмат берган маълумотга кўра, Суракматовнинг яқинларига Бишкек шаҳрида 15 компания, Иссиқкўл вилоятида икки коттеж ва бир оромгоҳ рўйхатга олинган.

МХДҚ Суракматовга алоқаси бор дейилган компанияларнинг рўйхатини ҳам эълон қилган. Юстиция вазирлигининг базасига кўра, мазкур компанияларнинг деярлик ҳаммасида собиқ мернинг синглиси Гулбара Суракматова асосчиларнинг бири қатори кўрсатилган.

«Елизавета»

Сурат: «Елизавета» қурилиш компанияси

Суракматовларнинг оиласи эгалик қилган «Елизавета» қурилиш компанияси кўп қаватли турар-жойларни ва тижорий биноларни қуради. Уларнинг сайтида компания Бишкек шаҳрида ва Иссиқкўл вилоятида 14 объектни қуриб битириб, бири энди қурилаётганини билдирган.

Қурилиш компанияга Гулбара Суракматова ва Суракматовнинг ўғли Айдар Суракматов эгалик қилади. «Елизавета»ни Нуржан Тинимсеитова бошқаради — у Бишкек шаҳар кенгашининг депутати.

«Елизавета» Суракматовларга тегишли дейилган бир неча компанияларнинг биноларини қурган. Улар:

«Сфера Плюс» турар-жой комплекси
«Столитса» кўп қаватли уй

«Сфера Кей-Джи» — бу компания «ихтисослаштирилмаган улгуржи савдо» билан шуғулланиши кўрсатилган. Унинг эгалари — Гулбара Суракматова ва Нурсауле Арапбаева, директори Нуржан Тинимсеитова деб кўрсатилган. Арапбаева Жогорку Кенеш депутати Азамат Арапбаевнинг турмуш ўртоғи. У бундан ташқари, «Араван цемент заводи»га ҳам эгалик қилади.

«Столитса Строй» — қурилиш компаниясининг асосчилари Айдар Суракматов, Гулбара Суракматова ва Жайлообек Жумалиев. Компаниянинг директори Жумалиев.

«Ливерпул» — мазкур компания савдо билан шуғулланади. Унинг эгалари Нурсауле Арапбаева, Аида Жумалиева ва Айдар Суракматов. «Ливерпул» МЧЖнинг директори Айзада Кубаничбек қизи.

«Ак-Нан» — асосчилари Гулбара Суракматова, Аймен Бакаев ва Анаркул Мамбеталиева. Компанияни Бакаев бошқаради.

«Поларис Групп» — бу компания Суракматовларнинг оила аъзолари номида эмас, бироқ уни собиқ мернинг бир қанча компаниясини бошқарган Нуржан Тинимсеитова бор. Шунингдек асосчилар орасида Александр Ким ҳам бор. «Поларис Групп» молиявий воситачилик билан шуғулланиши кўрсатилган.

«Юрист Риелт Строй» — қурилиш компания асосчиларининг қаторида Гулбара Суракматова, Анаркүл Мамбеталиева ва Гулипа Арикова бор. Арикова олдин Жогорку Кенешнинг бюджет ва молия қўмитаси бўлимида эксперт бўлиб ишлаган. Компанияни Нуржан Тинимсеитова бошқаради.

«Самолет» — бу қурилиш компанияга Гулбара Суракматова, Азаматбек Мураталиев ва Назира Жумалиева асосчи деб кўрсатилган. Уни Надира Эркинбек қизи бошқаради.

«Центр Офис»

«Центр Офис» МЧЖ «ўзига тегишли кўчмас мулкни ижарага бериш» билан шуғулланади. Компаниянинг асосчилари қатори Гулбара Суракматова, Айдар Суракматов ва Нурзат Осмонова кўрсатилган.

Осмонова Жогорку Кенешнинг бешинчи чақирилишининг депутати. Унинг отаси Курманбек Осмонов собиқ депутат ва Олис суднинг собиқ раиси. Осмонованинг қайнотаси Мамитбай Салимбеков, у «Дордой» ассоциациясининг директорлар кенгаши аъзоси — у «Эмгек» партиясининг асосчиси Аскар Салимбековнинг акаси.

Осмонова 2020 йили ўтган парламент сайловида «ҳукуматники» дейилган «Биримдик» партиясининг рўйхатида 16-ўринда турган.

Fort бизнес маркази

«Центр Офис» компаниясини Элмира Сапарбаева бошқаради. Компания Fort бизнес марказида жойлашган — бу ерда «Елизавета»нинг офиси ҳам бор.

«Слон» номли бир қанча компаниялар

«Слон» кузатув-детектив агентлиги ва кўчмас мулк агентлиги офисларининг юридик манзили

Суракматовларнинг оиласи «Слон» номли уч компанияга эгалик қилади. Улар:

  • «Слон» кузатув-детектив агентлиги — асосчилари Гулбара Суракматова ва Назира Жумалиева. Директори Аймир Султангази ўғли;
  • «Слон» юридика агентлиги — асосчилари Гулбара Суракматова ва Жайлообек Жумалиев. Директори Нуржан Тинимсеитова;
  • «Слон» кўчмас мулк агентлиги — асосчилари Гулбара Суракматова ва Айдар Суракматов. Директори Анвар Ўмурзаков.

«Финанс Кредит Строй»

Мазкур микрокредит компанияси Гулбара Суракматовага тегишли. Уни Гулмира Максутова бошқаради. 2018 йилнинг август ойида Миллий банк «Финанс Кредит Строй»нинг лицензиясини қайтариб олган.

«Новый город»

«Новый город» МЧЖнинг етакчиси Аймен Бакаев олдин Бишкек мериясининг муниципал мулк бошқармасини бошқарган.

2010 йили Бишкекдаги «Айчурок» дўконининг (СУМ) вакиллари мерия уларга қарашли ер участкани Аймен Бакаевга ноқонуний ўтказиб олганидан норози бўлишган. Кейинчалик улар судга мурожаат қилиб, ерни қайтариб олишган.

Бу можародан бир ой ўтмай Бакаев «ишидаги кўплаган қонун бузишлар» учун ишдан четлатилган.

Компания нима билан шуғуллангани аниқ ёзилган эмас, бироқ МХДҚ тарқатган маълумотда «Новый город» турли мебелларни ясаши кўрсатилган. «Новый город»га Бакаевдан ташқари Гулбара Суракматова ва Рафкат Тулендибаев эгалик қилади.

«Папа Карло»

Суракматовга боҳлиқ дейилган яна ир мебель ясовчи «Папа Карло» компаниясининг асосчилари Гулбара Суракматова ва Анвар Ўмурзаков. Ишхонани Нуржан Тинимсеитова бошқаради.

«Улитка»

«Улитка» оромгоҳи

Иссиқкўл вилоятидаги Бостери қишлоғидаги «Улитка» дам олиш жойини «Елизавета» қурилиш компанияси қурган. Бироқ унинг эгалари ким экани номаълум.

Шунингдек, Бостери қишлоғидаги «Кыргыз дениздин жээги» санаторияси ҳудудидаги собиқ мернинг қариндошлари Азат Суракматов ва Гулбара Суракматовага расмийлаштирилган коттежлар бор.

Бундан ташқари Иссиқкўлдаги Сари-Ой қишлоғидаги «Ак-Марал» дам олиш масканида Аида Жумалиевага расмийлаштирилган коттеж бор.