Қайта танлов бўлади. Муфтийни сайлаш ортга сурилди

327

Қирғизистон мусулмонлари муфтийини сайлаш қайта ўтказилади. Бу ҳақда муфтиятнинг матбуот хизмати билдирди. Ўлкадаги эпидемиологик вазият сабаб Қирғизистон мусулмонларининг қурултойи 26 июнга сурилди.

«ҚМДБнинг уставида кўрсатилган қоидага мувофиқ, Қирғизистон мусулмонларининг Уламолар кенгашини VII чақирилишининг аъзолигига, Марказий текшириш комиссиясининг раҳбарлиги лавозимига ва Қирғизистон мусулмонларининг ҳазрат муфтийининг хизмат ўрнига қайта рўйхатга олиш олиб борилиб, танлов ўтказилади», — деб ёзилади маълумотда.

Муфтийликка, Уламолар кенгаши аъзолигига ва Марказий текшириш комиссияси раҳбарлигига танлов бу йил 17 февралда эълон қилинган. Муфтий бўлишга саккиз номзод ариза бериб, улардан олтитаси танлаб олинган. Улар: Нурбек Токтогулов, Султанали Гапуров, Шукур Исмаилов, Нематилла Жеэнбеков, Ниязали Арипов, Убайдулла Сарибаев. Шакир Маматов билан Сайдамир Жейналиевнинг билими талабга жавоб бермайди деган сабаб билан сайловдан четлатилган эди.

Муфтий, марказий текшириш комиссиясининг раиси, Уламолар кенгашининг аъзолари 29 майда сайланиши маълум қилинган.

Муфтият олдидаги митинг

Муфтийликка номзод бўлганларни саралаш 21 майда бошланган эди. Шу куни муфтиятнинг биноси олдида Қирғизистон мусулмонлар дин бошқармасидаги коррупцияни бартараф қилиш ва Уламолар кенгашининг ҳозирги таркибини олдиндаги сайловга қўймаслик талаби билан норозиликка чиқиб, бўз уй ўрнатишган.

Жамоат арбоби Алик Темиров ҳаж сафарининг нархи жуда қимматлаганидан норози бўлди. Унинг айтишича, ҳаж сафарига бориш олдин 1,5 минг доллар бўлса, ҳозир унинг нархи 3,6 минг долларга чиққан. Йиғилганлар ҳаж сафарининг нархини тушириб, муфтийни танлашни адолатли ўтказишни талаб қилишди.

Ҳозир муфтий вазифасини Жоробай Шергазиев бажармоқда.