«Пора талаб қилишда» гумон қилиниб ушланган Министрлар кабинети раҳбарининг ўринбосари Азамат Дийканбаев эгаллаган хизматидан бўшатилди. Унинг ўрнига рақамли ривожлантириш вазири бўлиб Дастан Догоев тайинланди. Тегишли буйруқларга президент Садир Жапаров 20 майда қўл қўйди.
Дастан Догоев — 34 ёшда. У олдин Ахборот технологиялари ва алоқа бўйича давлат қўмитасининг раҳбари бўлиб ишлаган. 2017 йилнинг июнидан 2018 йилнинг февралигача Давлат рўйхатга олиш хизматини бошқарган. 2018 йилнинг июнь ойида президент маслаҳатчиси бўлган.
Догоев 2020 йилнинг июнь ойида АҚШнинг Гарвард университетига ўқишга кириш учун ишдан кетган.
Азамат Дийканбаевни МХДҚ бир кун олдин қўлга олган. Дийканбаевга нисбатан аризани «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини амалга оширган чет ўлканинг компанияси ёзган. Ариза берувчилар Дийканбаев лойиҳа бўйича шартнома муддатини узайтириш бўйича масалани ижобий ҳал қилиш учун «йирик миқдорда пора талаб қилганини» билдиришган.
Дийканбаевнинг адвокати Кайсин Абакиров «Азаттык»қа билдиришича, унинг мижозида шартномани узайтириш ҳуқуқи бўлмаган. Шунингдек, у МХДҚ Дийканбаевни «Shenzhen Sunwin Intelligent Co. Ltd» хитойлик компаниядан 2 млн 600 минг сом пора талаб қилишда гумон қилаётганини қўшимча қилди.
Дийканбаев Министрлар кабинети раҳбарининг ўринбосари даражасидаги рақамли ривожлантириш вазири бўлиб 5 майда тайинланган эди. У махсус хизматнинг тергов қамоғига икки ойга қамалиб, унга нисбатан «Пора талаб қилиш» моддаси билан судгача текширув ишлари давом этмоқда.