МХДҚ Дашковнинг қўлга олингани бўйича маълумотни инкор қилди

238

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Клооп»га «Кыргыз темир жолу»нинг собиқ директори Василий Дашковнинг қўлга олиниши ҳақидаги маълумотни инкор қилди. 

«Дашков қўлга олинмаган. Бизга бундай маълумот келмаган», — деб билдиришди МХДҚнинг матбуот хизматидан. 

Бунгача Kaktus.media ўзининг манбаларига таяниб, Василий Дашков коррупцияда гумон қилиниб ушланганини ва у МХДҚнинг вақтинча сақлаш жойига киритилганини ёзган. 

Василий Дашков ҳақида журналистик суриштирув

Василий Дашков — собиқ милиционер. Темир йўл тармоғига 2006-йили келган. 2020-йилнинг январигача «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг кўприк қуриш билан шуғулланган «Кўприкчилар отрядини» бошқариб келган. Кейин мазкур ишхонанинг етакчисини ўринбосари бўлиб тайинланиб, 2020-йилнинг апрелидан бошлаб муассасани бошқара бошлаган. 

Суриштирувчи журналист Али Токтакунов ва фактчекер Болот Темиров «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг етакчиси Василий Дашковга тегишли фирмалар у бошқарган ишхонадан пулларни қандай легаллаштиргани ҳақидаги суриштирувни чиқарган. 

Суриштирувда Дашковга алоқаси бор уч фирма «Кыргыз темир жолу»дан икки йилда 176 млн сомлик тендер ютиб олгани ошкор қилинган. 

Шундан сўнг у «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг раҳбарлик хизматидан бўшатилган. Тегишли буйруққа премьер-министр Улукбека Марипов 25-мартда қўл қўйган. 

Унинг ўрнига 8-апрелда давлат ишхонасининг етакчиси бўлиб Адилбек Адранов тайинланган.

«Кыргыз темир жолу» ишхонасининг бунгача қўлга олинган етакчилари

МХДҚ ўтган йилнинг 15-июнида «Кыргыз темир жолу»нинг Дашковгача бўлган раҳбари Канатбек Абдикеримовни «йирик миқдордаги фирибгарликда» гумон қилиб ушлаган. 

МХДҚнинг маълумоти бўйича, давлат ишхонасининг масъул ходимлари коррупция схемани ташкил қилиб, бу орқали давлат сотиб олишлари юқори нархларда олиб борилган, ишхонанинг собиқ етакчиси тузилган шартноманинг суммасини 8%дан 15%гача бўлган қисмини бекор қилган. 

Бундан ташқари, маҳсус хизмат томонидан «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг жанубий бўлими раҳбари Бахтияр Юнусов 2020-йилнинг 14-декабрида қўлга олинган. Кейинчалик у давлатга келтирган 11,7 млн сом зарарни тўлаган. Юнусов вақтинча сақлаш жойидан чиқарилиб, уй қамоғига чиққан. У ўзига қўйилган айбларнинг ҳаммасини тан олган. 

Шунингдек, МХДҚ 2021-йилнинг 9-январида «Кыргыз темир жолу» давлат ишхонасининг раҳбариятидан 250 миң доллар талаб қилди деган гумон билан фаол Мелис Аспековни ва тадбиркор Улан Жураевни қўлга олган. 

10-январда Биринчи май туман суди Аспеков билан Жураевни икки ойга, аниқроғи 9-мартгача МХДҚнинг ТИЗОсида қолдириш қарорини чиқарган. 26-январда Улан Жураев уй қамоғига чиқарилгани маълум бўлди. Аспеков ҳамон қамоқда. У яқинда собиқ президент Сооронбай Жээнбеков Садир Жапаровга сайлов учун 10 млн доллар берганини айтган. Бироқ буни президентнинг матбуот котиби инкор қилиб, Жээнбеков фаолни судга беришини билдирган.

Муаллиф: Найзабек Мукамбетов