Акилбек Жапаров: Қумтўр масаласини ҳал қилишга экс-президентларнинг эрки етмаган

291

Аввалги давлат раҳбарларининг орасидан ўтиш даврида президент бўлган Роза Отунбаеванинг вақтидагина «Кумтўр»нинг ишини текширувчи комиссия тузилган эмас. Бу фикрни «Кумтўр Голд» компаниясининг фаолиятини текширган давлат комиссиясининг раиси, депутат Акилбек Жапаров Жогорку Кенешнинг 17 майдаги муддатсиз йиғинида билдирди.

Жапаров шунингдек қайси президентлар даврида қанча тонна олтин олиб чиқиб кетилганига тўхталди.

«Акаевнинг даврида 156 тонна олтин, Бакиев даврида 68,2 тонна олтин, Атамбаев даврида 132,6 тонна, Жээнбековнинг даврида 52,9 тонна олтин четга олиб чиқиб кетилган. Барча президентлар вақтида Қумтўр бўйича турли комиссиялар тузилган, бироқ улардан бирор бир фойда бўлмаган. Кардинал, принципиал қарорлар қабул қилинган эмас. Қисқасини айтганда, Қирғизистоннинг тўрт президенти ҳам Қумтўр масаласини тўлиқ тугатиб, ҳал қилишга куч, эркини йиғолмай кетишди», — деди у.

Жапаров ўз сўзида Отунбаева президент бўлган вақтда Қумтўрни вақтли ҳукуматнинг бир декрети билан миллийлаштириб қўйса бўларди деб таъкидлади. Шунингдек, ҳозирда Қумтўр конини миллийлаштиришга моддий имконият борлигини қўшимча қилди.

«Қумтўр кони дуч келган тарихий адолатсизликни бартараф қилишга, халқнинг талабини бажаришга биз — ҳукумат вакиллари яна бир имкон олдик», — деди у.

Жапаров бундан ташқари компаниянинг эҳтиётсизлиги сабаб, 2013 йилдан бошлаб Давидов музликларига ташланган миллионлаган заҳарли моддалар жила бошлаганини айтди. Шу сабаб компания конннинг пастки қисмида жойлашган асосий трансформация подстанциясини, устахонани, вахта поселкасини ва бошқа ишлаб чиқариш объектларини кўчиришга мажбур бўлган. Бу ишларга 70 млн доллардан ортиқ пул сарфланиб, компанияни катта иқтисодий зарарга учратган.

24 йилда 61 фалокат содир бўлган

Жапаров 1997 йилдан бери Қумтўр конида 61 фалокат содир бўлиб, 12 киши ўлганига тўхталди.

«1997 йилдан бери Қумтўрда 61 фалокат содир бўлган, 47 киши жабрланиб, 12 киши ҳалок бўлган. Ҳозир ҳам шундай авария, катастрофалар бўлмайди деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Шу сабаб давлат комиссияси ҳукуматга тегишли олдини олиш чораларини кўришни таклиф қилади», — деди у.

Акилбек Жапаров давлат комиссияси ҳисоботининг ҳажми 900 саҳифадан ошганини айтиб, ичига ўтган уч ойда йиғилган, танланган, кўриб чиқилган барча масалалар жойланганини қўшимча қилди.

Жапаров бундан ташқари, мазкур давлат комиссиясининг фаолиятини кузгача — янги парламент сайлангунча узайтиришни таклиф қилди. Сабаби бу вақт ичида комиссия Министрлар кабинетига «Кумтўр Голд» компаниясига солинган пулларни ундиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, арбитраж судига тайёргарлик кўриш керак.

«Кумтўр»нинг атрофидаги ҳолат

Бишкекнинг Октябрь туман суди 7 майда олтин ишлаб чиқарган «Қумтўр Голд» ишхонасини давлат фойдасига 261,7 млрд сом ёки 3 млрд доллар ундириб олишга қарор қилган. Тўрт фуқаро Қумтўр конини ишлатишда Давидов ва Лисий музликларига коннинг қолдиқларини тўплашни ноқонуний деб топишни талаб қилиб судга мурожаат қилган.

Судга даъво аризаси билан мурожаат қилган даъвогарларнинг иккиси одамни гаровга олиш иши бўйича айбланувчи қатори ўтган — бу ишда президент Садир Жапаров ҳам фигурант бўлган.

Centerra Gold даъвогарларнинг талабларини асоссиз деб топган.

Компания Қирғизистон ҳукумати 2017 йили Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва инвестицияларни ривожлантириш бўйича стратегик шартномага қўл қўйганини эслатган. Унга кўра, компания қўйилган барча даъволарни, унинг орасида музликларга йиғилган қолдиқларни атроф муҳитга келтирган зарарнинг ўрнини тўлдиришдан озод қилинган. Бу орада Centerra Gold компанияси Қирғизистон ҳукуматини арбитраж судига беришини билдирди.

Қумтўр Қирғизистоннинг энг йирик олтин кони — унинг майдони 26,3 минг гектарни ташкил қилади. Конни 1992 йилдан бери Канаданинг Centerra Gold компанияси бошқарган «Кумтор Голд Компани» ишхонаси ишлатади. Қирғизистон бу компаниянинг 26% улушига эгалик қилади.