Ўш вилоятининг Ўзган туманини 29 ёшдаги яшовчисини «шафқатсизлик» билан ўлдирганларга ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда «Клооп»га Ўш шаҳар судининг матбуот котиби Айпери Туратбек қизи билдирди.
Унга кўра, жиноят қилган вақтда 16 ва 17 ёшда бўлган ўсмирлар «Одам ўлдириш» моддаси билан айбдор деб топилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бундан ташқари, бирига 70 минг сом, иккинчисига 15 минг сом жарима солинди.
17 ёшдаги икки ўсмир «Жиноятни яшириш» моддаси билан айбдор деб топилиб, 3 йилга юриш-туришини чеклаш жазо чораси қўлланилиб, ота-онасига ўтказиб берилди. Ўсмирлар бу вақт ичида чет ўлкага чиқа олмайди.
Бундан ташқари, матбуот котиби норози томон Ўш вилоят судига апелляция тартибида шикоят қилишга ҳақли эканини қўшимча қилди.
100 сом учун бўлган қотиллик
Милиция Ўзган туманидаги Зергер қишлоғининг 29 ёшдаги турғунининг куйиб кетган жасадини ўтган йилнинг 27 июлида Қора дарё четидан топган. Бунгача ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари унинг ёқиб юборилган машинасини топишган.
Тергов давомида икки гумондор — 16 ва 17 ёшдаги ўсмирлар — қўлга олиниб, ҳайдовчини 20 июлга ўтар кечаси ўлдирилганини билдиришган.
Гумондорларнинг ўз кўрсатмасида ўша куни улар марҳумни 200 сомга ёллаб, Шерали қишлоғига етказишни сўрашган, бироқ манзилга етганда ўсмирлар марҳумнинг қўлига 100 сом беришган. Натижада уларнинг орасида келишмовчилик содир бўлиб, машина ортида ўтирган ўсмир ўзи олиб юрган сумканинг илгичи билан ҳайдовчи боланинг бўйнига илиб, бўға бошлаган. Иккинчи гумондор ҳайдовчининг юзига урган.
«Ҳайдовчининг жасадини автомашина юкхонасига солиб, Баш-Дўбў қишлоқ ҳукуматининг Қора дарё сойида марҳумни ёқиб, сувга оқизиб юборишган», — деб билдиришган Ўш ВИИБидан.
Кейин гумондорлар ҳайдовчининг машинасига ўтириб, уч дўстига — икки 17 ёшли ва бир 15 ёшли ўсмирнинг олдига бориб, воқеани айтиб беришган. Ўсмирлар жиноятни яшириш учун машинага бензин қуйиб, ёқиб юборишган. Такси ҳайдовчисининг ўлимига боғлиқ умумий беш киши ушланган. Уларнинг бири вояга етмагани учун қўйиб юборилган.
Марҳумнинг яқинлари уни бир ҳафта қидириб, саккизинчи куни моргга бориб, ўлганини билишган. Ҳайдовчининг ортида ҳомиладор аёли, ва икки ёш боласи қолган.
Бу воқеа жамоатчилик орасида норозиликка сабаб бўлган. 29 июлда марҳумнинг 70га яқин қариндоши Ўзган туман маъмурияти биноси олдига митингга чиқиб, иш адолатли тергов қилиниб, айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилишган.
Йиғилганларга маҳаллий ҳукуматнинг етакчилари ва Ўзган ТИИБининг раҳбари чиқиб, сўзлашган. Ўзган тумани ҳокимининг ўринбосари Болот Дийканбаев бу ишни шахсан ўз назоратига олганини билдиргандан кейин митингчилар тарқалган.