Жаҳон банки Қирғизистонни электр тарифини ошириш бўйича режасини қўллади

271

Жаҳон банкининг вице-президенти Анна Берде 12 майда қирғиз журналистлари билан учрашиб, электр ёруғлигига бўлган нархни оширишга боғлиқ масалани муҳокама қилди.

«Биз электр энергиясига бўлган тарифни қайта кўриб чиқиш бўйича режалар ҳақидаги маълумотни яхши қабул қилдик», — деди у.

Унинг айтишича, тарифларни энергосекторнинг харажатларини ёпиш учун ўзгартиришмоқда. Бундан ташқари, Жаҳон банки қирғиз ҳукумати аҳолининг қуйи қатламлари учун ижтимоий тарифларни киритишни ваъда қилганидан қувонган. Анна Берде «энергиянинг янги манбаларини ривожлантириш имконияти пайдо бўлгани» ҳақидаги маълумотни ҳам қувонч билан қабул қилган.

Берде Қирғизистондаги электрнинг нархи «Европа ҳудудида ва Марказий Осиёда энг арзон» деб ҳисоблади, бироқ Жаҳон банки «тариф ислоҳотлари аҳолининг қуйи қатламларига юк бўлишини» истамайди.

Электр энергиясига бўлган нархни ошириш ҳақида апрелнинг охирида президент Садир Жапаров айтган.

«Кутиб тарифни ўзгартирмасак келаси йили Тоқтоғул ГЭСининг иши тўхтайди. Халқ электр энергиясиз қолади, унда «тезак териб, чироқ ёқиб яшаш» деган ҳаётга тушиб қоламиз», — деб огоҳлантирган Жапаров.

Инқироздан чиқиш учун президент қуйидагиларни таклиф қилади:

  • Кам таъминланган оилалар учун электр нархини 74 тийинга тушириб, чекловни бекор қилиш;
  • Узоқ ва тоғли, оғир шароитда яшаган ҳудудлар учун электр нархини 1,04 сомга ошириб, чекловни бекор қилиш;
  • Яшаш шароити «Худога шукур» оилалар учун электр нархини 1,48 сомдан ошириб, 1000 киловатлик чеклов қўйиш. Агар истеъмолчи қўйилган лимитдан ошиб кетса, 1 киловаттнинг нархи 2,29 сомга кўтарилади.

Ҳозирда фуқаролар лимитни 700 кВт/соатдан оширмаса, ҳар бир кВт/соат учун 77 тийин тўлашади. Тоғли ҳудудларда яшаганлар учун бу чеклов 1000 кВт/с тузади. Чекловни оширгандан кейин 1 кВт/соатнинг нархи — 2,16 тийин бўлади.

Садир Жапаров 2020 йилнинг ноябрь ойида тариф сиёсатига боғлиқ мурожаат қилиб, 2021 йилнинг баҳор ойларидан бошлаб барча чекловлар бекор қилинади деб айтган эди.

«Чекловларни бекор қилсак, электрни тежаганлар кўмирни ташлаб, электр қувватига ўтиб кетади. Унда базўр ишлаётган электр ускуналари бузилиб, яроқдан чиқади. 30 йил сабр қилдингиз, энди бир қиш чиданглар. Келаси йилнинг май ойидан бошлаб албатта чекловларни бекор қиламиз», — деб билдирган Жапаров, Норинда аҳоли билан бўлган учрашувда.

Қирғизистонда электр энергиясига боғлиқ муаммолар олдин ҳам айтилган. Ўлканинг қочқин президент Курманбек Бакиев бошқарган вақтда сувнинг миқдори кам бўлгани учун фуқароларнинг уйларида электр энергияси вақти-вақти билан ўчирилган. Бу жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган.

Бакиев қулатилгандан кейин келган президентлар ҳам электр тармоғидаги муаммоларга қарамай, ёруғликни вақти-вақти билан ўчиришга йўл беришмаслигини айтишган.

Муаллиф: Анис Набиев